ИЛМСИЗ НАЖОТ ЙЎҚ ВА БЎЛМАҒАЙ…


Туркий халқларимиз ўзларининг кўп асрлик тарихида турли оғир синовлар ва мураккаб дамларни бошидан кечириб, уларни доим ҳамжиҳатлик билан мардонавор енгиб ўтишган.

(Ш.М.Мирзиёевнинг 2020 йилнинг 10 апрель кунги «Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг навбатдан ташқари саммити»даги нутқидан)

Бугунги кунда бутун дунёнинг диққат-эътибори Covid-19 коронавирус пандемиясига қаратилган бўлиб, жаҳон илм-фани аҳли ушбу касаллик тарқалишининг олдини олиш ва тўхтатиш, инсоний талафотни кескин камайтириш ва бу хатарни илдизи билан қуритиш учун бор интеллектуал салоҳиятини сафарбар этмоқда.

Ҳақиқатан ҳам, замонамиз адиби Улуғбек Ҳамдам таърифи билан айтганда, бугунги кунда бу офат минг-минглаб одамлар ёстиғини қуритган, ҳануз қуритаётган бўлса-да, инсоният учун чиндан ҳам аччиқ тажриба мактабини яратди. Эътибор беринг, кечагина кўкларни тўлдириб учаёт­ган самолётлар бугун ерда, кечагина сувларни ёриб сузаётган кемалар бугун бандаргоҳларда, кечагина кўчаларни тўлдириб елаётган автоуловлар бугун гаражларда, кечагина дунёни забт этаман деб ҳовлиқиб юрган одамлар эса бугун уйларида… Инсон томонидан уюштириладиган барча катта-кичик тадбирлар, концертлар, конференциялар, томошалар, спорт ва бошқа мусобақалар тўхтади. Ҳаммани ўйлашга, фикр-хулосалар чиқаришга ундайдиган оламшумул фожиа ҳодиса бундан ортиқ бўлиши мумкинми?! Қани энди, бу дард ҳақида фақат фантастик асарлардагина ўқиган бўлсак!

Тилсиз, оёқсиз бу пандемиянинг юртимизга кириб келганига мана икки ойдан ошди. Бу борада Муҳтарам ­Президентимиз бутун халқимизга бир неча бор Мурожаат қилди. Мазмунан бир-бирига ўхшамаган, эл-юртимиз, бугунимиз ва эртанги кунимиз учун оталарча ғамхўрлик билан айтилаётган бу даъватлар барчамизни янада бирдамликка, ҳамжиҳатликка, белгиланган тартиб-таомилларга масъулият билан риоя этишга ундайди. Давлатимиз раҳбари коронавирус инфекциясини бартараф қилишнинг энг тўғри йўли – қатъий тартиб-интизом, гигиена талабларига тўлиқ амал қилиш ва буни амалга оширишда давлат ташкилотлари билан бир қаторда, кенг жамоатчилик, юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир фуқаро масъул эканлигини куюниб гапирмоқдалар.

Шунингдек, бугунги таҳликали вазиятда ким, қайси соҳа вакили бўлишидан қатъий назар, ҳар биримиз қандай форматда иш тутишимиз, шахсий намуна кўрсатишимиз билан боғлиқ вазифалар аниқ ва қатъий белгилаб берилди.

Жорий йилнинг 16 март кунидан эътиборан, барча таълим муассасаларида талабаларга таътил эълон қилинди ҳамда 16-17 март кунлари талабаларнинг ўз манзилларига етиб боришлари тўлиқ таъминланди. Бугунги кунда инс­титутда таълимнинг кундузги ва сиртқи шаклларида жами 10236 нафар талабалар таҳсил олишади, шулардан 9 мингги Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳри ва туманларидан, 2 мингдан зиёди Тошкент шаҳри ва Республикамизнинг барча вилоятларидан, 27 нафари эса қўшни Туркманис­тон Республикасидан келиб таҳсил олаётган талабалардир.

Юртимизда эълон қилинган карантин ҳолати боис, инс­титут раҳбарияти Туркманистон Республикасидан келиб таҳсил олаётган талабалар ва уларнинг ота-оналари билан маслаҳатлашилган ҳолда Нукус шаҳрида қолишини келишиб олди.

Институт раҳбарияти, факультет деканати ва кураторлардан иборат таркибда «Хорижий талабалардан хабар олиш жадвали» ишлаб чиқилди ҳамда уларнинг ҳол-аҳволи, шароити, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар манзилли ташкил қилиниши йўлга қўйилди. Бу тизим нафақат талабалар, балки уларнинг ота-оналарини ҳам қувонтирди.

Жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб, барча ўқув муассасаларида фанларни масофавий таълим шаклида ўзлаштириш йўлга қўйилди. Таъкидлаш лозимки, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан айни тизимни фаоллаштиришга қаратилган профессор-ўқитувчилар учун онлайн семинарларнинг ташкил қилиниши, онлайн таълим олишга қаратилган ўндан зиёд расмий сайтларнинг бепул йўлга қўйилиши айни муддао бўлди.

Институтда айни ҳолатга пухта тайёргарлик кўрган ҳолда, биринчи босқичда бу семестрда ўқитиладиган фанлар белгилаб олинди ва шунга мос равишда ҳар бир таълим йўналишлари ва курслар кесимида ресурслар, яъни ҳар бир фан бўйича ўқув-методик мажмуалар, аудио-видео материаллар ҳамда топшириқлар жойлаштирилди, дарс жадваллари ишлаб чиқилди. Бугунги кунда ўқитувчилар ва талабалар айни шу тизим ҳамда телеграмм каналлари орқали масофавий фаолият олиб боришмоқда.

Тасдиқланган жадвал асосида талабалар билимини баҳолаш жараёнлари ҳам бошлаб юборилди. Албатта, бу тизим бугунги вазиятдан келиб чиққан ҳолда юртимизда илк бор жорий қилинди, яъни ўзига хос ютуқлари билан бир қаторда, камчиликлар ҳам кўзга ташланиб қолди. Демоқчимизки, масофавий таълимга бугун институт талабаларини тўлиқ қамраб олдик, дейиш қийин. Чунки республикамизнинг чекка ҳудудлари ҳамда олис қишлоқларида интернет алоқасининг йўқлиги ёки интернет тезлигининг етишмаслиги каби бир қатор сабаблар бор. Лекин шунга қарамасдан, бундай сабаблар билан дарс жараёнига жалб қилинмаётган талабалар рўйхати шакллантирилиб, улар учун алоҳида чора-тадбирлар белгиланди.

Шу ўринда Ҳукуматимиз топшириғи асосида республика ва маҳаллий телевидениеларнинг бир қатор каналлари орқали таълимнинг барча бўғинларига мўлжалланган ТВ-дарсларнинг йўлга қўйилганлиги, нафақат таълим олувчилар, балки ота-оналар учун ҳам қувонарли ҳолат бўлганлигини алоҳида таъкидлаш лозим. 

Айтиш жоизки, масофавий таълим талабаларга, таълим олишни хоҳловчиларга бир хил таълим олиш имкониятини яратиб бериш, етакчи университетлар, академиялар, институтлар ва бошқа таълим муассасаларининг илмий ва таълимий салоҳиятларидан фойдаланиш эвазига таълим беришнинг сифат даражасини ошириш, таълим сифатини сақлаган ҳолда янги принципал таълим даражасини таъминлаш имкониятларини беради. Шунинг баробарида билим олувчиларга ўзига маъ­қул вақт ва жойда ўқиш шароитини яратади, улардан фаол ўқишни талаб қилади. Бу жараёнда ўқитувчи билим олувчининг индивидуал хусусиятларини инобатга олади. Билим олувчи эса шу хусусиятларга мос равишда билим олиш имконига эга бўлади. Бу, ўз навбатида, билим олувчига материални чуқур ва мукаммал ўрганиш имконини беради. Ўқитувчидан педагогик малакасини доимий равишда ошириб боришини талаб қилади. Негаки, интерфаол ўқитиш ўқитувчининг ўз билимларини узлуксиз янгилаб боришини тақозо этади.

Бугун юртимизда қандай қийин ҳолат бўлмасин, узлуксиз равишда талабаларнинг маданий-маърифий билимлари даражасини янада ошириш, дунёқарашини кенгайтириш, маънавий-ахлоқий онгини юксалтириш ва 5 та муҳим ташаббус доирасида уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидандир.  ОТМ сайтида ҳамда телеграм тармоғида уларни қизиқишларидан келиб чиқиб, ўтган вақт мобайнида 14 та номдаги онлайн мусобақалар ташкил этилди. Шу ўринда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан эълон қилинган бир қатор видеороликлар, мақолалар, расмлар каби танловларнинг ташкил қилинаётганлиги ва бу танловларда инс­титут талабалари фаол иштирок этиб, фахрли ўринларни қўлга киритиши қувонарли ҳол. Айни ҳолатлар талабаларнинг бўш вақтларини фойдали ва мазмунли ўтказишда муҳим омил бўлмоқда.

Дарҳақиқат, бугунги вазиятда халқимиз маънавияти, фазилатлари ҳам синовдан ўтаяпти. Оммавий ахборот воситалари орқали ҳар куни коронавирусга қарши тарғибот давом этмоқда. Коронавирус балосидан ўзини, оиласини, юртдошларини қандай ҳимоя қилиш кераклиги барчамизга маълум. Лекин, карантин даврида тартиб қоидаларни бузган, карантин ҳудудини ташлаб кетган юртдошларимиз борлиги, ҳатто тўй, базм, туғилган кун, чойхоналар ҳам ташкил қилгани ҳақидаги маълумотларни кўриб кўнглинг жумбушга келади. Ўз навбатида булар бугун таълим-тарбия бўғинларида фаолият юритаёт­ган ходимлар олдида қандай вазифалар турганлигини кўрсатиб тургандек, гўё…

Хулоса ўрнида таъкидлайманки, ўтмишда халқимиз қандай оғир кунларни бошидан ўтказган бўлмасин, аввало, ундай синовларни илму-маърифат билан, ҳамжиҳатлик билан енгиб чиққанлигига тарихнинг ўзи гувоҳ.

Шу ўрнида буюк аждодимиз Имом ал Бухорий бобомизнинг «Илмсиз нажот йўқ ва бўлмағай», деган фикрлари кўз олдимизда гавдаланади. Нега? Бир ўйлаб кўринг! Кийган кийимимиз – илмдан, еган овқатимиз – илмдан, автомашина, самолёт, поезд, осмонўпар бинолар – илмдан, фазилатларимиз – илмдан. Ҳозир шу сўзларни ўқитаётган интернет ҳам – илмдан… Бугунги кунда дунёнинг 70 дан зиёд давлатларида олимлар илмий лабораторияларда коронавирусга қарши янги дорилар ишлаб чиқиш билан банд. Ишонаман, инсоният тез орада бу балодан ҳам албатта нажот топади. Шунда бу ҳам – илмдан бўлади.

Албатта, шундай улуғ кунларга бугун-эрта эришамиз, яқин кунлар ичида юртимиздан бу офатлар тамомила даф бўлсин ва бу йўлда ўтган аждодларимиз руҳлари қўлласин!

Қувондиқ Қодиров,

Ажиниёз номидаги Нукус ДПИ Ёшлар билан ишлаш бўйича проректори.