Сирдарёга навбатдаги инсонпарварлик карвони


Сирдарё вилоятида юз берган офатдан жабр кўрган аҳолига кўмак бериш, сув тошқинидан азият чеккан юртдошларимизга ёрдам кўрсатиш мақсадидаги хайрли ишдан Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши ҳам четда турмади.

“O’zLiDePнинг инсонпарварлик карвони” акцияси доирасида Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан мазкур офатдан жабрланган аҳоли учун навбатдаги ёрдам юборилди.

– Сирдарё вилоятида юз берган офат бутун халқимизни, шу жумладан бизни ҳам ташвишга солди,– дейди партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Сағиндиқ Турманов. – Қийналганда ёрдам бериш, эҳтиёжмандларга кўмак кўрсатиш халқимизга хос азалий қадриятлардан саналади.

Акция доирасида хайрли ишга нафақат саховатпеша инсонлар, балки, партия­мизнинг туман ва шаҳар кенгашлари ходимлари, тадбиркорлар, фермерлар, депутатлар ва партия фаоллари баҳоли қудрат ҳисса қўшмоқда. Навбатдаги инсонпарварлик карвони билан Сардоба сув омборида сув тошқини туфайли жабрланган биродарларимиз учун озиқ-овқат, кийим-кечак, кўрпа-тўшак, уй-рўзғор ­буюмлари, тозалаш воситалари юборилди.

Мақсадимиз эса сирдарёлик ватандошларимизга оз бўлсада далда бериш, кўнгилларини кўтаришдир.

Барчани бир мақсад йўлида бирлаштирган бу каби хайрли тадбирлар жойларда давом этмоқда.

Д.Абибуллаев,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.