ТАДБИРКОРЛИК ТАЪЛИМИНИНГ ЯНГИ УСУЛЛАРИ


Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази Қорақалпоғистон Республикаси филиали маълумотларига қараганда, Савдо-саноат палатаси томонидан тадбиркорлик таълимини институционал ривожлантириш, аҳолини тадбиркорликка йўналтириш ва кўникмага эга бўлиши бўйича Ягона интеграцияланган тизимни яратиш Концепцияси ишлаб чиқилди.

Ушбу Концепцияни амалиёт­га жорий этиш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Тизим ўзаро бир бирига уланган, яъни, “Республика-вилоят-туман (шаҳар) -маҳалла”  кесимида амалга оширилади.

Бунда амалий ҳаракатлар 4 та базавий йўналишда олиб борилади ва 67 турдаги аниқ тадбирларнинг ижросига эътибор қаратилади.

Натижада 2020 йилнинг сўнггига қадар 5,2 минг фуқаро ҳар хил йўналишлардаги тадбиркорлик соҳасига оид зарур билим ва кўникмаларга эга бўлишади, —  дейди Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази Қорақалпоғистон Республикаси филиали раҳбари Гулзира Рзаева. — “Йўл ­харитаси” бўйича амалга ошириладиган ишлар Ўзбекис­тонда илк бор тадбиркорлик таълимини инс­титуционал ривожлантиришга замин яратиши билан бирга таълим соҳасида халқаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш имконини беради.

Масалан, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Туркия Савдо-саноат палатаси ва биржалари иттифоқи билан биргаликда Тошкент шаҳрида Туркия Иқтисодиёт ва технологиялар университетининг филиалини очишни режалаштирган.

Шу мақсадда янги 2020-2021 ўқув йилида мазкур университетга 200 талабани қабул қилиш бўйича ишлар бошлаб юборилган.

Яқинда Савдо-саноат палатаси томонидан рақамли таълимни ривожлантиришда 7 та йўналиш бўйича онлайн дарсликлар ва ўқув курсларини ўзида жамлаган “Онлайн Бизнес академия” порталининг фаолият бошлагани ҳам бугунги кун талабидир.

Мазкур портал имкониятларидан республикамизнинг барча фуқаролари фойдаланишлари мумкин. Масалан, тизим ҳозирги вақтда Фарғона водийсининг 9 та манзилида қурилаётган туманлараро Стартап-инкубатор марказлари билан ўзаро интеграцияланади. Ушбу марказлар ўз навбатида Тошкент шаҳрида Жанубий Кореянинг  KOICA ташкилоти асосида ишга тушадиган  “Стартаплар экотизимини яратиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш маркази” лойиҳасининг таркибий қисмига айланади. Бу амалиёт самара берса Ўзбекистоннинг барча вилоятларида қўлланилади.

Шунингдек, хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулк эгаларининг ҳуқуқий кафолатларини кучайтириш, тадбиркорлик ташаббусларини  қўллаб-қувватлаш бўйича ҳудудларда ташкил этиладиган “Тадбиркорлик ­фаолияти асослари” ўқув курсларининг янгиланган дастури ва регламенти ишлаб чиқилиб, 17  та вазирлик ва ташкилотлар билан келишилди.

Тадбиркорлик фаолияти асосларини ўқитиш республика маркази Қорақалпоғистон Республикаси филиали томонидан барча таълим жараёнлари пандемия сабабли бугунги кунда онлайн-ўқитиш тизимига ўтказилган.  www.direktor.uz портали орқали шу кунга қадар, жами 334 бизнес вакиллари масофавий ўқишни бошлаган, шулардан 202 нафари курсни тамомлаб, сертификат олишга муваффақ бўлди.

А.Жиемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.