Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашида Жўқорғи Кенгес ва туман (шаҳар) Кенгашларининг сессияларида муҳокама қилиниши таклиф этилаётган масалалар таҳлили бўйича йиғилиш ўтказилди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий Кенгашлари депутатлари, тегишли вазирлик ва ташкилотлар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари иштирок этди.
Йиғилишни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси Д.Қурбаниязов олиб борди.
Олий Мажлис Сенатининг Суд-ҳуқуқ ва коррупцияга қарши кураш масалалари қўмитаси раиси Б.Матмуратов, сенаторлар Ш.Уснатдинов, О.Атаниязова ва бошқалар сўзга чиқиб, кўрилаётган масаланинг аҳамиятига батафсил тўхталиб ўтдилар.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида шу йил 26 май куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Олий Мажлис палаталарига халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан коронавирус пандемиясига оид қабул қилинган 6 фармон, 11 қарорнинг бажарилиши бўйича маҳаллий ижро ҳокимияти органлари раҳбарларининг ҳисоботларини тинглаб боришни йўлга қўйиш белгиланган эди.
Ушбу вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилишини таъминлашда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари фаол иштирок этиши муҳим аҳамиятга эга экани алоҳида таъкидланди
Йиғилишда мазкур топшириқ ва вазифаларнинг ижросини ва депутатлик назоратни таъминлаш, маҳаллий Кенгашлардаги сессияларда ҳар ойда камида бир марта маҳаллий ижро ҳокимияти органлари раҳбарларининг ҳисоботларини тинглашни йўлга қўйиш, ҳар бир депутатнинг марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида тарғибот ишларини олиб бориш масалалари бўйича фикр ва таклифлар билдирилиб, бу борада вазифалар белгилаб олинди.
А.Жиемуратов,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги мухбири.




