Ҳунарманд хотин-қизларнинг муаммолари ўрганилмоқда


Сўнгги йилларда миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш, ҳунармандчилик билан шуғулланадиган хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлаш борасида самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, қўлида ҳунари бор хотин-қизларга кредитлар ажратиш, тадбиркорлик фаолиятини бошлашига ёрдам бериш, уларнинг қизиқиш ва ташаббуслари асосида касб-ҳунар ўргатишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Марям Ахмедова махсус ишчи гуруҳ билан биргаликда Чимбой туманидаги ҳунарманд хотин-қизлар билан учрашиб, уларнинг фаолияти билан танишди ва муаммоларини ўрганди.

У дастлаб тумандаги “Жипек жоли” МФЙ да яшовчи Задахан Мирзамуратова билан учрашди. З.Мирзамуратова қорақалпоқ халқининг ўзига хос миллий қадриятларидан бири – ўтов (қора уй) ва унинг баў-шуўларини ясаш билан шуғулланади.

— Қорақалпоғистон деганда  ҳар бир инсон ҳаёлида шу ўлканинг ўтови намоён бўлса керак, — дейди З.Мирзамуратова. — Ўтов, уни безаш билан боғлиқ барча кўникмаларга эга бўлиш зарур, ўтовни тиклаш ҳам ўзига хос меҳнат ва моҳирликни талаб қилади.  

Ўтовнинг 70 фоизи хотин-қизлар қўл меҳнати билан яратилади. Яъни, шанарақ тиклаб бўлингандан сўнг, унинг бир бутун кўринишини барпо этиш учун жуда кўп меҳнат сарфланади. Безакларининг ўзи бир дунё. Бунинг барчаси қўлигул моҳир хотин-қизларимиз томонидан бажарилади. Ўтовни қуриш, унинг керакли анжомларини ва безакларини тайёрлаш сирларини келинларимга, қизларимга, қўни-қўшниларга ўргатиб, биргаликда ишлаяпмиз.

Шундан сўнг гуруҳ аъзолари “Қоракўл” МФЙ даги Серегул ­Қутимова билан учрашди. У ҳам ўтов ва унинг баў-шуўларини тайёрлаш билан шуғулланади. Ўтган йили “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди” томонидан имтиё­з­­ли кредит олиб, ўз фаолиятини кенгайтирди. Устоз-шогирд анъанаси асосида қишлоқ қизларига мазкур ҳунар сирларини ўргатиб келмоқда.

Мана шундай қўлигул қизлардан бири “Жипек жоли” МФЙ даги Қундуз Қурбанова билан ҳам учрашув ўтказилди. У тумандаги 8-сонли мусиқа ва санъат мактабида 70 дан ортиқ ўқувчиларга ҳунармандчилик сирларини ўргатиб келмоқда. Шу йили у Ўзбекистон Республикаси хотин-қизларининг 100 та инновацион лойиҳаси танловида қатнашиб, Корея Республикасида бўлиб ўтадиган босқичга йўлланма олди.

Учрашувларда коронавирус пандемиясига оид қабул қилинган фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳияти ва тадбиркорлар учун яратилган имтиёзлар бўйича тушунчалар берилди. Мулоқотлар ўтказилиб, муаммолар ўрганилди ва уларнинг фикр-таклифлари тингланди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.