Амударё туманидаги «Холибег» овулида яшовчи 61 ёшли нуроний Одамбой Шомуродовни маҳалладошлари меҳнатсевар инсон сифатида ҳурмат қилади.
Асли касби педагог бўлган Одамбой ота нафақага чиққач, деҳқончилик ва боғдорчилик билан шуғулланишни одат қилди. Унинг 25 сотих ер майдонидаги томорқасида айни пайтда картошка, сабзи, карам, пиёз, булғор қалампири, бодринг каби сабзавотлар етиштирилмоқда. Маҳалла ҳудудида барпо этган 1,5 гектарлик боғида 500 тупга яқин олма, ўрик, нок, шафтоли, олхўри, гилос каби мевали дарахтлар парваришланади. Шу кунларда боғда пишиб етилган ўрик, гилос ва олмадан мўл ҳосил йиғиб олинмоқда.
— Оллоҳга шукр, ҳалол меҳнат ортидан ҳеч кам бўлмадик, — дейди омилкор деҳқон Одамбой ота. — Ердан олинган мўл даромад эвазига фарзандларимизни уйли-жойли қилдик. Енгил автомобиль, деҳқончилик учун трактор сотиб олдик. «Ерга меҳр берган — барака топади», деб шунга айтишса, керакда.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.




