Тахтакўпир ката ўзгаришлар оғушида


Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Ерниязов ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Т.Худайбергенов Тахтакўпир туманида бўлиб, бу ерда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди.

Туманда бугунги кунда кенг кўламли қурилиш ва бунёдкорлик ишлари олиб ­борилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 ноябрдаги «Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик тармоқларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш бўйича бир қатор ­лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Тумандаги «Агрокомплекс Қорақалпо­ғистон» Ўзбекистон – АҚШ қўшма корхонаси шаклидаги масъулияти чекланган жамиятида бугунги кунда Қозоғистондан келтирилган 178 бош наслли мол боқилмоқда. Яқин кунларда Германия давлатидан 124 бош наслли мол олиб келинади. Бу ерда келажакда чорвачилик маҳсулотларини қайта ишлайдиган цехлар барпо этиш режалаштирилган.

Туманда аҳоли, айниқса хотин-қизларнинг бандлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилнинг ­бошида фойдаланишга топширилган «BARNO-TEKSTIL-PLYUS» масъулияти чекланган жамиятида 45 нафар хотин-қизлар меҳнат қилмоқда. 

Корхона раҳбари Улбосин Аннабоеванинг таъкидлашича, яқин кунларда ишчилар сони 150 нафарга етказилади. Бу ерда ишлаб чиқарилаётган 15 хилдаги маҳсулотлар ички бозорда сотилаётган бўлса, келажакда Россия Федерацияси, Туркия давлатларига экспорт қилиш режалаштирилган.

Шунингдек, 1000 ўринга мўлжалланган футбол ўйингоҳи, мактабгача таълим ташкилоти, Бандликка кўмаклашиш маркази, Давлат хизматлари маркази биноларининг қурилиши, Маданият саройи, туман тиббиёт бирлашмаси, иккита умумтаълим мактаби иморатини реконструкция қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Пандемия даврида кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати доирасида 356 та оилага озиқ-овқат маҳсулоти, 10 бош қорамол, 34 бош қўй-эчки, 600 та жўжа топширилди. Карантин шароитида ишсиз қолган 246 нафар фуқарони қишлоқ хўжалигига, 225 нафарини қурилишга, 15 нафарини ишлаб чиқаришга, 406 нафарини бошқа соҳаларга ишга жойлаштириш бўйича чоралар кўрилди.

Туманда икки ўринда қишлоқ хўжалиги кооперативи ташкил этилди. Уларга 104,3 миллион сўм субсидия ажратилиб, кам таъминланган оилалардан 46 нафар фуқаро ишга жойлаштирилди. Жорий йилнинг ўтган даврида 1475 нафар фуқаро жамоат ишларига жалб этилди.

«Ҳар бир оила тадбиркор», «Ёшлар келажагимиз» Давлат дастурлари асосида туманда 13,8 миллиард сўм маблағ ажратилган бўлиб, бу бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Йил бошидан буён 74 та иссиқхона ташкил этилди.

Шундан сўнг, туманнинг фаол ёшлари билан учрашув бўлиб ўтди. Тадбирда ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, бу борада туманда самарали ишлар амалга оширилмоқда. “Мўйноқ келажак бунёдкорлари” масъулия­ти чекланган жамиятига жами  2500 гектар ер майдони ажратилиб, шундан бугунги кунда 250,9 гектарига маккажўхори, беда, кунгабоқар ва бошқа озуқабоп экинлар экилди.

Натижада 32 нафар ёшларнинг бандлиги таъминланди. “Ёшлар келажагимиз” Давлат дастури асосида 2 нафар ёшга 135 миллион сўм кредит, 10 нафар ёшларга ер участ­каси, 1 нафарига бўш турган иморат берилди. Яқин кунларда Мўйноқ туманидагидек замонавий иссиқхона қурилиб, “Ҳар бир оила тадбиркор” дастури асосида ёшларга 2 миллиард сўм имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши қайд этилди.

Тадбирда ёшлар ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди ва бу бўйича тегишли соҳа раҳбарларига топшириқлар берилди.

Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев иштирок этди.

Д.Абибуллаев,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.