Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Саид Аҳмад таваллудининг 100 йиллиги муносабати билан Zoom дастури орқали онлайн видеоконференция бўлиб ўтди.
Туркия давлати Анкара университети билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда ёзувчининг ҳаёти, ижодий фаолияти, асарлари таҳлили ва ўрганилиши, хорижий тилларга таржимаси масалалари юзасидан сўз юритилди. Нукус давлат педагогика институти профессор-ўқитувчилари, талаба-ёшлари билан бир қаторда Анкара университети талаба ва магистрантлари Irem Bostan, Safiye Kirlanlanic’, Musa Can Kahraman иштирок этиб, ёзувчининг ижоди, шунингдек, конференциянинг аҳамияти хусусида тўхталиб ўтдилар.
Яқинда ёзувчининг сара ҳикоялари “О’zbek Edebiyati’nin Sec’me Eserleri. Said Ahmed. Hika’yeler” деган ном билан турк тилида нашр этилди. Тадбир якунида Нукус давлат педагогика институти ҳамда Анкара университети ўқув-услубий, илмий-тадқиқот ҳамда маънавий-маърифий соҳаларда ўзаро ҳамкорлик дастурларини янада ривожлантириш борасида келишиб олинди.
