Ёзги таътилда ўқувчиларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида “Қарақалпақстан” телеканалида “Онлайн тўгарак” лар иш бошламоқда.
Ушбу тўгараклар “Баркамол авлод” болалар мактабларининг малакали тўгарак раҳбарлари томонидан олиб борилади. “Онлайн тўгарак” лойиҳаси доирасида ўқувчиларга “Инглиз тили”, “Техник ижодкорлик”, ”Мусиқа” каби кўпгина ижодий йўналишлардаги тўгараклар, интернет тармоғи орқали маблағ топиш бўйича видеодарсликлар эфирга узатилади. Ўқувчи ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш ҳамда уларнинг ижодий қобилиятларини аниқлаш, ривожлантириш, ёшлар таълим-тарбияси учун қўшимча шароитлар яратишга йўналтирилган комплекс чора-тадбирларни ўзида жамлаган бешта ташаббусни амалиётга жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 сентябрдаги “Халқ таълими тизимидаги мактабдан ташқари таълим самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, аввалги “Баркамол авлод” республика ва ҳудудий марказлари Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳузуридаги республика ва ҳудудий “Баркамол авлод” болалар мактаблари бўлиб қайта ташкил этилди.
Юртимизда карантин чекловлари ўрнатилгандан сўнг, бу болалар мактабларида тўгарак ишлари онлайн масофавий давом эттирилмоқда. Жумладан, 1та республика ҳамда 17 та туман “Баркамол авлод” болалар мактабларига 2019-2020 ўқув йилида мавжуд 504 та тўгаракка 13 минг 296 нафар ўқувчи қамраб олинган.
Республика “Баркамол авлод” болалар мактабининг ўзида ушбу ўқув йили давомида 38 та тўгарак доимий иш олиб бориб, уларга ҳар ойда мингдан ортиқ ўқувчилар аъзо бўлди. Бугунги кунда эса мактабда “Ёз мавсумида ўтказиладиган тўгараклар” дастури асосида 16 та тўгарак онлайн фаолият олиб бормоқда. Уларга ҳозирда 890 нафар ўқувчи аъзоликка қабул қилинган.
Ушбу тўгарак аъзоларидан Гулҳумор Аманбаева, Равшанбек Камалов, Назлимхан Умирбекова ва бошқалар Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус доирасида Халқ таълими вазирлиги томонидан ташкил этилган “Беш ташаббус-уйимизда” танловида қатнашиб, фахрли ўринларни қўлга киритди. Шунингдек, “Йилнинг энг озода қизи” видеоролиги, “Бахтли элнинг бахтли болалари” расмлар танловларида мактаб ўқувчилари юқори кўрсаткичларга эришди.
Бугунги кунда мактабнинг 15 га яқин тўгарак раҳбарлари телевидение орқали эфирга узатилаётган онлайн-тўгарак лойиҳасига тайёргарлик кўрмоқда. Улар рассомчилик санъати, компьютер саводхонлиги, тўқиш, ошпазлик ва бошқа соҳалар бўйича ўқувчиларнинг дастлабки кўникмаларини шакллантириш мақсадида видеороликлар тайёрламоқда.
Президентимизнинг 2019 йил 30 сентябрдаги қарори асосида республикамизнинг шаҳар ва туманларидаги умумтаълим мактабларида тажриба сифатида “Баркамол авлод” болалар мактаблари томонидан “Соҳа тўгараклари”нинг очилиши назарда тутилган. Уларда робототехника, автомодел, либослар ва ландшафт дизайни, ёш турист, шарқ миниатюраси, оила ҳамшираси, бошланғич техникани моделлаштириш каби тўгараклар ташкил этилиб, 2 минг 500 га яқин ўқувчилар қамраб олинган.
М.Пирназарова,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.



