Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги Фармони билан 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишида давлат бошқарувининг мутлақо янги, самарали ва сифатли фаолият юритувчи тизимини яратиш белгиланганлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 8 октябрдаги ПФ-5185-сонли Фармони билан Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси тасдиқланганидан сўнг давлат хизматчиларининг профессионал корпусини яратиш мақсадида давлат хизматини ташкил этиш масалаларини ҳуқуқий тартибга солувчи қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.
Сир эмаски, юқоридаги қайд этилган ҳужжатларга қадар мамлакатимизда давлат хизмати соҳасида қатор тизимли муаммо ва камчиликлар мавжуд эди. Хусусан, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий мақоми, таснифи, хизматга қабул қилишнинг шаффоф механизмлари (танлов асосида) ҳуқуқий жиҳатдан белгиланмаган, кадрлар захирасини шакллантириш, давлат хизматни ўташ, давлат хизматчиларининг фаолиятини баҳолаш механизмлари орқали уларни рағбатлантириш тизими жорий қилинмаган, давлат фуқаролик хизматини ривожлантириш соҳасида ягона давлат сиёсатини амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли орган мавжуд бўлмаган.
Бу борада 2019 йил 3 октябрда Давлат раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасида кадрлар сиёсати ва давлат фуқаролик хизмати тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилиниб, мазкур ҳужжатга мувофиқ,ягона давлат кадрлар сиёсатини амалга ошириш учун масъул бўлган ихтисослаштирилган орган,Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги ташкил этилди.
Дастлабки қадамларда, Агентлик томонидан, белгиланган вазифаларни амалга ошириш учун барча давлат ташкилотларининг ташкилий тузилмалари, штатлар сони, бўш (вакант) лавозимлар тўғрисидаги маълумотлар базаси ўрганилиб, тажриба синов (тест режими) тариқасида давлат фуқаролик хизматида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида бир қатор давлат органлари ва ташкилотларида, уларнинг ҳудудий тизимларидаги вакант лавозимларига ишга қабул қилиш жараёнларини очиқ мустақил танлов асосида амалга ошириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди. Мазкур танловларда ҳар бир фуқаронинг иштирок этишини таъминлаш мақсадида “Давлат фуқаролик хизматчилари вакант лавозимларининг ягона очиқ портали” (vacancy.argos.uz) яратилиб, мазкур портал тест режимида ишга тушурилди. Ҳозирда ушбу порталга тегишли давлат органларидаги мавжуд бўлган вакант лавозимлар тўғрисидаги маълумотлар киритилиб, улар автоматик тарзда янгиланиб борилмоқда. Кейинги босқичда ушбу портал расман ишга туширилгандан сўнг барча давлат фуқаролик хизматидаги бўш лавозимларга қизиқиш билдирган ҳар бир фуқаро вакант лавозимлар учун ўтказиладиган танловларда иштирок этиши мумкин бўлади.
Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг асосий вазифаларидан бири давлат фуқаролик хизматчилари фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг ўлчанадиган индикаторлари (энг муҳим кўрсаткичлари) тизимини жорий этиш ва уларнинг натижаларини таҳлил қилиш, жамоатчилик фикрини ўрганиш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг очиқ рейтингини шакллантириш бўлиб ҳисобланади. Мазкур йўналишдаги ишлар дастлаб эксперимент тариқасида республикамизнинг 5 та ҳудудидаги11 та шаҳар (туман) ҳокимликларида бошланиб, жорий йилнинг иккинчи яримидан синов тариқасида барча худудларнинг 2 та шаҳар (туман) ҳокимликларида ўтказиш режалаштирилмоқда.
Шу билан бирга бугунги кунда давлат хизматига иқтидорли ёшлар ва хотин-қизларни қабул қилиш, шу жумладан хорижда яшаётган ватандошлар орасидан юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш сингари муҳим вазифалар белгиланган. Ушбу йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси ёшлар ишлари агентлиги билан ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилмоқда.
Шунингдек, давлат фуқаролик хизматчиларининг билим даражасини аниқлаш, уларнинг психологик портретини шакллантириш учун синовдан ўтказиш тизими апробациядан ўтказилиб “Давлат хизматининг ягона электрон ахборот-таҳлил тизими Давлат хизматчиларини синовдан ўтказиш модули” (test.argos.uz) фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу модуль орқали республика ва маҳаллий давлат органлари хизматчиларининг тегишли йўналишларда билим даражаси аниқланиб,уларга психологик баҳолар берилди.
Бундан ташқари, давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги Қонун лойиҳасининг ишлаб чиқилиб, аҳолининг фикр-мулоҳазаларини билиш мақсадида лойиҳанинг https://regulation.gov.uz. сайтига жойлаштирилди ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари:фуқаролар, экспертлар, мутахассислар томонидан ушбу қонун лойиҳасига қатор таклифлар билдирилди.Шунингдек, мазкур қонун лойиҳаси хорижий ташкилотларининг экспертлари, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ва давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги тажрибали олимларнинг фикр мулоҳазалари,таклиф ва хулосалари ўрганилиб такомиллаштирилмоқда. Бу эса ўз навбатида келажакда ушбу муҳим ҳужжатнинг давлат фуқаролик хизмати орқали мамлакатимизни ривожлантириш ва уни юксалтириш учун қанчалик муҳим аҳамият касб этишини кўрсатиб беради.
Хулоса сифатида шуни таъкидлаш лозим, Ўзбекистон Республикасида давлат фуқаролик хизматини тартибга солувчи норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши ва давлат фуқаролик хизматига номзодларнинг меритократия тамойилига асосланган танлов йўли билан ишга олиш тизимининг жорий қилинаётганлиги мамлакатимизда давлат фуқаролик хизмати сифатини яхшилаб, тизимни коррупциядан ҳоли қилган ҳолда, иқтидорли кадрлар билан таъминлаш имконияти яратилади.
Р.Маткурбанов,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги
Қорақалпоғистон Республикаси филиали раҳбари.



