ЎзМТДП: ўтган даврда нималарга эътибор қаратилди?


Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси кенгашининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтди.

Онлайн шаклда ўтказилган тадбирда партиянинг барча таркиби ва депутатлик гуруҳлари томонидан 2020 йилнинг биринчи ярмида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар ҳамда йўл қўйилган хато-камчиликлар танқидий жиҳатдан муҳокама этилди.

Тадбирда таъкидланганидек, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси, шунинг­дек, халқ депутатлари маҳаллий кенгашларидаги партия­нинг депутатлик гуруҳлари аъзолари томонидан 370 та депутатлик сўрови юборилди. Партия депутатлик гуруҳлари томонидан 20 нафар  масъул шахсларнинг ахборотлари тингланди.

“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида депутатлар ҳамда партия фаоллари томонидан ижтимоий ёрдамга муҳтож, эҳтиёжманд фуқароларга 451 миллион сўмдан ортиқ хайрия ёрдамлари кўрсатилди. 

 Партиянинг “Хизмат-беминнат” лойиҳаси доирасида 36 та бепул ўқув курслари ташкил этилиб, уларда 170 га яқин уюшмаган ёшлар ҳамда хотин-қизлар қўшимча билим ва кўникмага, касб-ҳунарга эга бўлишди. “Уйма-уй” лойиҳаси доирасида 70 нафар ишсиз ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди.

Пленумда кўрилган масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.