Бугинги кунда Қорақалпоғистон Республикасидаги жами 726 та мактабдан 204 тасида анъанавий тарзда ўқиш бошланди. Жорий ўқув йилида 37 минг 71 нафар
ўғил-қизлар 1-синфга қабул қилинди.
Республикамиздаги қолган мактаблар октябрь ойига қадар ҳақиқий ҳолат ва соғлиқни сақлаш вазирлигининг хулосасига кўра фақатгина маҳаллий кенгаш депутатлари томонидан рухсат берилганидан сўнг ўз фаолиятини бошлайди.
Ушбу қарор ҳудуддаги эпидемиологик ҳолат, ўқитувчиларда аниқланган кўрсаткич, ҳудуддаги соғлиқни сақлаш тизимининг ҳолатга тайёргарлигидан келиб чиққан ҳолда қабул қилинади.
Ҳар бир туман ва шаҳар кесимида фаолияти тикланаётган мактаблар тўғрисидаги маълумотлар тегишлилиги бўйича ҳокимликлар ва халқ таълими бўлимларининг расмий интернет тармоқларида эълон қилинади. Мактаблардаги синф раҳбарлари бу ҳақида ота-оналарни хабардор қилади.
Мактабда анъанавий ўқишни тикламаган ўқувчиларнинг “Онлайн-мактаб” лойиҳаси доирасидаги телевизион дарслар орқали ўқитилиши таъминланади.
Шу йилнинг 25-26 август кунлари пандемия шароитида ўқув йилини бошлаш бўйича ўтказилган сўровномада ота-оналарнинг 85 фоизи дарсларни анъанавий тарзда бошлаш ҳамда 15 фоизи онлайн тарзда ташкил этиш истагини билдирган.
Янги ўқув йилига тайёргарлик доирасида мактаблар жамоалари тиббий текширувдан ўтказилмоқда. Касаллик аниқланган ходимлар ўқув жараёнида иштирок этмайди. Улар онлайн тарзда фаолиятини давом эттиришлари мумкин.
14 сентябрда Қораўзак туман халқ таълими бўлимига қарашли 2-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабида анъанавий шаклда ўқиш бошланди. Дарслар икки сменада ўтказилади.
Шу куни Нукус шаҳридаги 4-сонли мактабда ҳам ўқувчилар анъанавий тарзда ўқишни бошлади. Мактаблардаги шароит шаҳар санитария-эпидемиологик осойишталик маркази томонидан ўрганилиб, қаноатлантирарли деб топилди.
— Бугун мактабимиз ўқувчиларни яна ўз қучоғига олди, — дейди 40-сонли умумтаълим мактаби ўқитувчиси А.Палимбетова. — Мактабимизда уларнинг муносиб таълим олиши, хавфсизлигини таъминлаш мақсадида барча шароитлар яратилган. Ўқувчиларнинг сонидан келиб чиққан ҳолда пирометр, дозатор, антисептик воситалари етказиб берилиб, тиббиёт хонаси ва касалликка гумон қилинган ўқувчилар учун изоляция хоналари ташкил қилинди. Ўқитувчилар жамоаси коронавирусга тест топширишди.
М.Пирназарова,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.



