ҲАМЖИҲАТЛИК ВА БИРДАМЛИК НАТИЖАСИ


Бугунги кунда коронавирус пандемияси бутун дунёни катта ташвиш ва хавотирга солмоқда. Коронавирус дунё афкор оммасидан ўзаро ҳамжиҳат бўлишни талаб этмоқда. Инсониятни ташвишга солаётган “тождорвирус” билан касалланганлар сони афсуски, кун сайин ортиб бораётир. Дунёнинг аксарият давлатларида касалланиш кўрсаткичлари “дадил” одимлаётгани янада огоҳ бўлишни тақозо этмоқда. Афсуски, бу бало бизнинг юртимизга ҳам ўз соясини солди. Мана шундай синовли кунларда халқимиз ўзаро ҳамжиҳатликда, сабр-қаноат билан бу офатни мардонавор енгиб ўтмоқда. Бугунги кунда юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг юрт тинчлиги, халқ саломатлиги, Ватан фаровонлиги йўлида олиб бораётган халқчил оқилона сиёсати, фуқароларимизга улкан мадад бўлмоқда.

Мамлакатимизда пандемия даврида муайян карантин қоидаларига амал қилиш мақсадида бир қатор чоралар кўрилмоқда. Айниқса, аҳоли эҳтиёжини таъминлаш учун доимгидек, озиқ-овқат дўконлари ишлаб турибди, нарх-наво эса ўзгармаган. Юртимизда кам таъминланган оилалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бор ва нафақада, ёлғиз яшайдиган фуқароларимизга ҳомийлик хайриялари, саховатпеша инсонлар томонидан беминнат ёрдам кўрсатиб келинмоқда.

Бугун пандемияга қарши давлат ва халқ биргаликда ўзаро ҳамжиҳатликда курашмоқда. Айни дамда фуқароларимизнинг бир-бирига кўрсатаётган мана шундай меҳр-оқибати синовли кунларни тезроқ енгиб ўтишимизда барчамизга мадад бераётгани қувонарли ҳолдир. Мамлакатимизда бўлаётган бугунги ўзгаришлар, янгиланишлар ҳаммамизда бунёдкорлик руҳини уйғотиб, одамларнинг дунёқараши ўзгариб, эл-юрт тақдирига дахлдорлик ҳисси тобора ортиб бормоқда. Давлатимиз раҳбари коронавирус билан боғлиқ вазият бўйича бир неча марта халққа қилган мурожаатларида мана шундай синовли кунларда ўзаро якдил ва ҳамжиҳат бўлишга ундаётгани юртдошларимизнинг келажакка бўлган умидини юксалтирмоқда.

Бугун ватан, миллат, инсонпарварлик туйғуларини ўзининг касбида ҳис этаётган қўли енгил шифокорларимизнинг кўрсатаётган беминнат хизматлари том маънода таҳсинга лойиқдир. Ҳаётнинг синовли дамларида чинакам метин ирода ва жасоратларини намоён этиб, “тождорвирус”га чалинган беморларимизнинг дардига дармон бўлишмоқда. Айниқса, бугун шифокорларимизнинг пандемияга қарши курашда қалб амри билан ёндашуви ватан, миллат туйғуси, уларнинг халқимиз саломатлиги йўлида янада шижоатини юксалтириб жасоратга ундамоқда.

Мана шу туйғу бугун коронавирус пандемияси билан курашда халқимизнинг маънавий жасоратига айланди. Халқимизнинг ўзаро ҳамжиҳатлиги бир-бирига бўлган меҳр-оқибатини мустаҳкамлашда куч бахш этмоқда. Аслида, инсонийликнинг моҳияти ва белгилари, энг аввало, ўз яқинларига кўрсатадиган оқибат ҳамда меҳрдадир. Мана шундай  инсоний туйғуларнинг тобора юксалиши бутун жамиятга, одамларга нисбатан меҳр-муҳаббатни янада кучайтирмоқда. Албатта, халқимиз ҳамжиҳатликда ҳаётнинг нурафшон кунларига умид билан яшамоқда. Бугун дунё жамоатчилигини жиддий ташвиш ва хавотирга солаётган коронавирус  пандемияси миллионлаб инсонларнинг бардошини синовдан ўтказмоқда.  Кишини хавотирга солаётган жиҳати, ҳатто жаҳондаги энг ривожланган давлатлар ҳам пандемия олдида ожиз қолаётгани, жиддий йўқотишларга дуч келаётгани барчамизни ҳушёр­ликка даъват этмоқда. 

Бугун мана шундай мураккаб шароитда юртбошимиз раҳнамолигида халқимиз саломатлигини муҳофаза қилишга қаратилган оқилона халқчил сиёсат олиб борилмоқда. Бу ҳақда коронавирусга қарши курашиш учун юртимизга ташриф буюрган хитойлик тиббиёт мутахассислари томонидан билдирилган фикрлар айниқса диққатга сазовордир. Хитойлик мутахассислар Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига қарши курашиш борасида олиб бораётган ишлар таҳсинга лойиқлиги, ўлим кўрсаткичи бошқа мамлакатларга қараганда пастлигини алоҳида таъкидлаб ўтишган. 

Дарҳақиқат бугун юртимизда халқимизга хос бўлган фазилатлардан бири юксак тиббий маданиятга риоя этиш ўзининг ижобий самарасини бермоқда. Коронавирусдан холос бўлишнинг энг тўғри ва мақбул йўли шифокор томонидан берилган тавсияларга ўз вақтида қатъий амал қилишдир.

Бу хақда  муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев қайд этганидек “Ҳар биримиз кундалик юмушларимизни хавфсизлик ва санитария қоидаларига тўлиқ амал қилган ҳолда давом эттиришимиз зарур”. Албатта, ҳаётнинг бундай синовларини тезда бартараф этамиз. Муқаддас ислом динида ҳам инсон қадри нақадар улуғлангани, шундай бўлгач киши шаънига мос иш кўриши, инсонийликка хос бўлмаган ҳатти-ҳаракатлардан тийилиши лозимлиги тўғрисида Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифларда ўз исботини топган.

Бугун халқимиз мана шундай буюк синовдан улкан ҳамжиҳатлик, саришталик ва саховатпешалик билан ўтмоқда.  Дунёдаги вазиятга теран фикрлаш орқали назар ташласак, пандемия деярли барча давлатларнинг кучли ва заиф томонларини яққол кўрсатиб қўймоқда. Гарчи, иқтисодий ва ҳарбий-техник имкониятлари ниҳоятда тараққий этган давлатлар ҳам бу “тождорвирус” олдида саросимага тушиб қолганини кузатиш мумкин. Эътиборли жиҳати, бугунги ўта мураккаб таҳликали шароитда Ўзбекистон ўз фуқароларини ҳар қандай шароитда ҳам ўз ҳимоясига олишга қодир давлат эканлигини яна бир бор намоён этмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистонда COVID-19 инфекциясига чалинган беморларга  тезкорлик, собитқадамлик ва очиқлик асосида, халқ билан бамаслаҳат амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар юксак самарадорликнинг намунаси эканлиги таъкидланмоқда. Мамлакатимизда коронавирус пандемияси ҳамда унинг таъсирида юзага келган иқтисодий салбий оқибатларга барҳам бериш ва юмшатиш борасида ғоят мураккаб шароитда эришилаётган ютуқларнинг замирида халқимизнинг ўзаро ҳамжиҳатлиги яққол намоён бўлмоқда.

Дунё миқёсида жуда тез илдамлаётган пандемия хавф-хатарини эл-юрт манфаатлари нуқтаи назаридан тўғри баҳолай олиш бу борада муҳим аҳамият касб этмоқда. Давлатимиз ўзининг юксак инсонпарварлик сиёсатини намоён этиб, коронавирус пандемиясининг оғир синовли кунларида хориждаги юртдошларимизни Ватанимизга олиб келиб уларга керакли ёрдамлар кўрсатилмоқда. Мана шундай синовли кунларда Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ­халқимизга юксак ишонч ва самимий даъват билан мурожаатлар қилар экан, вазият тўлиқ назорат остида эканини алоҳида таъкидламоқда. Яъни, “Миллати, тили ва динидан қатъи назар, ҳаммамиз якдилмиз ва ишонамизки, бу қийинчиликлар, албатта, ўтиб кетади”, деган қатъий фикрлари халқимизга улкан мадад бермоқда.

Юртбошимиз ўз мурожаатларида биринчи навбатда шифокорлар тавсияларига амал қилиб, шахсий гигиена ва санитария қоидаларига ҳар биримиз ўз оиламиз, фарзандларимиз билан уйимизда, ишхонамизда ва борадиган жойларимизда қатъий амал қилишимиз зарурлигини қайд этмоқда. Касалликни яширмасдан, ўз вақтида мурожаат қилиш унинг олдини олишда энг самарали чора эканини уқтириб ўтмоқда. Давлатимиз раҳбари мамлакатимизда етарли даражада озиқ-овқат захиралари мавжудлиги, хавотир ёки ваҳимага тушишга ҳеч қандай асос йўқлиги, аммо кўпга келган бу балога қарши ҳаммамиз биргаликда ҳаракат қилишимиз лозимлигини таъкидлайди.

Президентимизнинг жорий йил 19 март куни қабул қилинган “Коронавирус пандемияси ва глобал инқироз ҳолатларининг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида ҳамда ундан кейин имзоланган қарорларида юзага келган мураккаб шароитда амалга оширилиши зарур бўлган энг муҳим, жумладан, мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқлари барқарор ишлашини таъминлаш ва фуқароларнинг даромадлари пасайиб кетишига йўл қўймаслик борасидаги вазифалар аниқ белгиланиб, унинг ижроси қатъий назоратга олинди.

Давлатимиз коронавирусни жиловлаш,  COVID-19 инфекциясига чалинган беморларни аниқлаш ва даволаш, профилактика қилиш билан боғлиқ барча харажатларни ўз зиммасига олди. Мамлакатимизда бу борада амалга оширилаётган буюк инсонпарварлик ишлар жамиятимизда қарор топган тинчлик ва осойишталикни, одамларимиздаги хотиржамликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Айниқса, мамлакатимизда пандемияга қарши курашда тиббий хизмат кўрсатиш сифати анча юқори эканлиги кишини хурсанд этади. Мана шундай синовли кунларда коронавирус инфекциясига қарши мардонавор курашаётган шифокорларимизга халқимизнинг меҳри ва ҳурмати янада ошмоқда. Бугун мана шундай бир шароитда бу касб эгалари учун муносиб меҳнат шароити яратиш ва даромадларини кўпайтириш борасида давлатимиз томонидан изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Бугун юртимизда эҳтиёжманд оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар, беморлар, ишламаётган инсонларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш умумхалқ ҳаракатига айланди.

Бу ҳаракатда барча саховатли юртдошларимиз эҳтиёжманд оилаларни ўз қарамоғига олиб, виждон амри билан иш тутмоқда. Буюк ўтмиш ва шонли тарихга эга  халқимиз учун меҳр-саховат кўрсатиш фазилати азалий қадриятдир. Бугун юртимизда амалга оширилаётган мана шундай инсонпарварлик ҳаракатларини кузатиб бораётган киши бунга тўла амин бўлади. “Синовни саховат билан енгамиз”, “Савобли амаллар – виждон иши” каби тадбирлар шулар жумласидандир.

Доно халқимиз синовни руҳий покланиш учун имконият, савобни саодат дея ҳис этиб келган. Бугун юртдошларимиз орасида мана шундай синовли кунларда эзгу амаллар йўлида саховат улашиш халқимизни бир бирига бўлган меҳр-муҳаббатини янада оширмоқда.  Мана шундай синовли кунларда Ўзбекистондаги ҳар бир фуқаро доимо меҳр-эътиборда. Айниқса, кўлами беҳад кенг, салмоғи ғоят баланд бундай хайрли ишларни улкан мамлакат миқёсида саросимага  тушмасдан ташкил этишнинг ўзи нақадар катта жасорат, масъулият, қатъий  тартиб-интизом талаб этади.  Юртимиздаги мана шундай халқчил бошқарув асосида меҳр-оқибат, самимиятнинг янада ривожланаётганлиги мамлакатда садоқат, ишонч ва барака бардавом бўлишига замин яратмоқда.

Юртбошимиз Шавкат ­Мирзиёевнинг миллатимизга, халқимизга кўрсатаётган самимий ғамхўрлиги фуқароларимизнинг эртанги кунга бўлган ишончни янада юксалтирмоқда. Кишини хурсанд қиладиган жиҳати, халқимизнинг ўзаро ҳамжиҳатликда амалга ошириб келаётган мана шундай бирдамлиги юртимизда бу дарддан фориғ бўлаёт­ган  инсонлар тобора кўпайишига замин яратаётир.

Ҳаётнинг мана шундай синовларидан мардонавор ўтаётган Ўзбекистонимиз пандемияни енгиш орқали янада кучли, дунё эътирофидаги замонавийлашган, иқтисодиёти ривожланган, халқаро нуфузи юксалган давлат сифатида жаҳонда тобора юксалиб бораверади.  Халқимизга хос инсонийлик мана шундай ташвишли кунларда яна бир бор ўз аксини топмоқда. Вазиятни тўғри баҳолаш асосида масалага ­онгли ёндашиш, аҳиллик, бир-бирига бўлган эътибор ва ғамхўрлик, тартиб-интизом ва саришталик фуқароларимиз турмуш тарзига кун сайин сингиб бормоқда. Бу эса халқимизнинг нақадар покдил эканлиги, иймони бутун, маънавияти нақадар юксак эканлигидан далолатдир.

Бобоназар Хушназаров,

Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари Академияси Қуролланиш ва отиш кафедраси катта ўқитувчиси.