Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий филиали томонидан “Ғамхўр бўлайлик!” хайрия акцияси ўтказилди.
“Имом эшон Муҳаммад” жоме масжидида бўлиб ўтган тадбирда Нукус шаҳридаги боқувчисидан айрилган 40 нафар етим болаларга, шунингдек, барча туманлардан 160 нафар болаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди. Бу мақсадлар учун фонддан 15 миллион ҳамда ҳомийлар ҳисобидан 5 миллион сўм маблағ ажратилди.
— Кам таъминланган, ёрдамга муҳтож, эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олиш гўзал фазилатлардандир, — дейди “Вақф” хайрия жамоат фонди Қорақалпоғистон Республикаси филиали раҳбари вазифасини вақтинча бажарувчи Исломбек Тажетдинов. — Акциямизнинг асосий мақсади бугунгидек синовли кунларда боқувчисидан айрилган, етим болаларни ҳар томонлама қўллаб-қуватлаш, озгина бўлса ҳам уларга қувонч улашишдан иборат.
Шу куннинг ўзида маҳсулотлар республикамизнинг барча туманларига етказиб берилди.
