Ҳар йили октябрь ойининг биринчи санасида бутун юртимиз бўйлаб Ўқитувчилар ва мураббийлар куни кенг нишонланади. Шу муносабат билан ўтган якшанба куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг ўринбосари О.Ҳамроев кириш сўзи билан очди ва йиғилганларни касб байрами билан қутлади.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Д.Қурбаниязов Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгашининг республикамиз ўқитувчилари ва мураббийларига байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Таъкидланганидек, юртимиздаги ҳар бир ўғил-қизни ўз фарзандидек суюб, ардоқлаб, уларни баркамол инсонлар этиб тарбиялаш учун чин қалбдан меҳнат қилаётган муҳтарам ўқитувчилар ва устозлар чиндан ҳам ўз касбининг фидоийларидир. Шу боис, замонавий билим ва касб-ҳунарларни, чет тилларини пухта эгаллаб, катта умид ва ишонч билан ҳаётга қадам қўяётган, эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучи бўлган фарзандларимизнинг муносиб тарбияланишида уларнинг машаққатли меҳнати юксак қадрланиб келмоқда.
«Барчамиз яхши тушунамиз, таълим-тарбия – ҳар қайси давлат ва жамиятнинг нафақат бугунги, балки эртанги кунини ҳам ҳал қиладиган энг муҳим ва устувор масаладир», деган эди Президентимиз Ўзбекистон Республикаси ўқитувчи ва мураббийларига байрам табригида.
Чиндан ҳам, бугунги кунда барча соҳалар каби таълим соҳасида ҳам кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 14 августдаги «Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмоний баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ёш авлодни тарбиялаш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш, таълим-тарбия сифатини мазмунан янги босқичга кўтариш, ўқитувчи касбининг нуфузини оширишга хизмат қилмоқда.
Жорий йилги Инвестиция дастури доирасида республикамизда 22 та таълим муассасида қурилиш ва йирик таъмирлаш ишлари олиб борилди. Шу билан бирга, «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари бўйича 32 та таълим муассасасида реконструкция ва йирик таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Таълим муассасалари моддий-техника базасини мустаҳкамлаш учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 81 миллиард сўм маблағ ажратилди.
Касб байрами муносабати билан юртимизда таълим соҳасини ривожлантириш, чуқур билим ва замонавий касб-ҳунарга эга малакали кадрларни тайёрлаш ишларига қўшган муносиб улуши, эркин фикрлайдиган, иқтидорли, соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаш, уларни ватанпарварлик, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялашдаги улкан хизматлари учун бир гуруҳ ўқитувчи ва мураббийлар Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари фахрий унвонлари, орден ва медаллари билан тақдирланган эди. Тадбирда соҳа фидоийларига Қорақалпоғистон Республикаси фахрий унвонлари тантанали равишда топширилди.
Мажлисда Хўжайлидаги 1-сонли Меҳрибонлик уйи директори, II даражали «Соғлом авлод учун» ордени соҳиби Светлана Сон, Амударё тумани Халқ таълими бўлимига қарашли 40-сонли умумтаълим мактаби директори, Қорақалпоғистон Республикаси халқ ўқитувчиси С.Хўжамуратова, Нукус шаҳридаги 28-сонли умумтаълим мактаби ўқувчиси Д.Искандаровалар сўзга чиқиб, таълим соҳасига қаратилаётган алоҳида эътибор учун Президентимизга чексиз миннатдорлик билдиришди. Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, шоир Б.Генжемуратов ўқитувчилар ва мураббийларга бағишланган шеърини ўқиб берди.
— Бугун қайси соҳани олиб қараманг, улкан янгиликлар юз бериб, кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, — дейди Амударё тумани Халқ таълими бўлимига қарашли 40-сонли умумтаълим мактаби директори, Қорақалпоғистон Республикаси халқ ўқитувчиси Санобар Хўжамуратова. — Жумладан, ўқиш жараёнига инновацион технологияларни кенг тадбиқ этиш, педагог ходимларнинг жамиятдаги обрўсини ошириш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Менинг ҳам меҳнатим эътироф этилиб, фахрий унвонга лойиқ кўрилганимдан чексиз миннатдорман. Бу ишонч менга янада масъулият ва фидоийлик бағишлайди. Барча касбдошларимни байрам билан қутлаб, келгусидаги ишларида зафарлар тилайман.
Тантанали мажлис республикамиз санъат усталари концерти билан якунланди.
Д.АБИБУЛЛАЕВ,
Қорақалпоғистон хабар агентлиги мухбири.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ
олган сурат.



