Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқ қабулхонаси ташаббуси билан Элликқалъа туманида сайёр қабул бўлиб ўтди.
Тадбирда тумандаги 4 та сектор раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва туман Кенгаши депутатлари, корхона, муассаса, жамоат ташкилотлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Сайёр қабул давомида фуқаролардан асосан соғлиқни сақлаш, тижорат банкларидан кредит олиш, ишга жойлашиш, уй-жой, моддий ёрдам, йўлларни таъмирлаш, тоза ичимлик суви билан таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда коммунал хизмат масалаларга оид мурожаатлар келиб тушди.
Қабулда 21 та масала бўйича мурожаат жойида ҳал қилинди. Ечими вақт талаб этиладиган 18 та мурожаат бўйича тегишли ташкилотларга кўрсатмалар берилиб, ижроси Халқ қабулхонаси томонидан назоратга олинди.
Сайёр қабулдан сўнг туман ҳокими Сейдамат Авезов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қорақалпоғистон Республикасидаги Халқ қабулхонаси вакиллари бир қатор тадбиркорлик субъектларида бўлиб, улардаги бандлик масаласи билан танишдилар. Ижтимоий муҳофазага муҳтож ёшлар, “Темир дафтар”га киритилган оилаларга ташриф буюриб, уларнинг мурожаатларини тинглашди.
Шунингдек, тумандаги “Бўстон Мега текстиль”, “Бўстон Оптимал текстил” корхоналари, “Эксим голд” масъулияти чекланган жамиятига қарашли иссиқхона, “Ёшлар меҳнат гузари”нинг иш фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.



