Бир ўйлаб кўринг, авваллари бизда экспортбоп маҳсулотлар жуда кам етиштирилар эди. Эндиликда ҳар бир тадбиркор, деҳқон-фермер етиштираётган маҳсулотини фақат ички бозорга чиқариш билан чекланмасдан, маҳсулот сифатини ташқи бозорга мослаштиришга, экспортга йўналтиришга ҳаракат қилмоқда. Чунки, бугун Ўзбекистонда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун янги бозорлар очилиб, бизнинг маҳсулотларга талаб ортмоқда.
Мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ислоҳотлар ва экспорт сиёсатининг асосий мақсади ҳам юртимиз маҳсулотларини жаҳон бозори талабларига мослаштиришдан иборатдир. Бунда экспортга йўналтирилаётган маҳсулотларнинг фитосанитар ҳолатини назорат қилиш, уларни зарарли организмлардан ҳимоя қилиш долзарб вазифалардан ҳисобланади. Бу борада Ўсимликлар карантини соҳаси вакиллари маҳсулотнинг даладан то экспортгача зарарланишининг олдини олиш, сифатини сақлаб қолиш тадбирларини самарали амалга ошириб келмоқда.
Бунда соҳага оид қатор ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниб, амалга тадбиқ этилиши ҳам ишлар самарадорлигини янада оширишда муҳим омил бўлмоқда.
Яқинда, Президентимиз томонидан “Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорнинг имзоланиши Ўсимликлар карантини тизимини янги босқичга кўтаришга, шунингдек, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти ҳажми ва географиясини янада кенгайтиришга хизмат қилиши шубҳасиздир.
Қарорда кўрсатилганидек, Инспекция тизимидаги Ўсимликлар карантини илмий маркази негизида Ўсимликлар карантини илмий-тадқиқот маркази ташкил этилиб, Тошкент давлат аграр университетининг Нукус филиалида ҳам Марказнинг замонавий лабораторияга эга бўлган минтақавий филиали ташкил қилиниши белгилаб берилган.
Келажакда мазкур филиал томонидан ишлаб чиқилган фитосанитар чоралар ва дастурлардан Ўсимликлар карантини агроном-инспекторлари илмий асосланган қўлланма сифатида фойдаланишлари мумкин бўлади.
Ҳозирги кунда Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ҳудудий инспекцияси томонидан мазкур қарорнинг ижросини таъминлаш мақсадида чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, амалда тадбиқ этиш ишлари бошлаб юборилди. Жумладан, республикамиздаги экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, тайёрлаш билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига маҳсулотларни хорижий давлатлар фитосанитария талабларига мувофиқлаштириш, тегишли маслаҳатлар ва амалий ёрдам бериш учун ўсимликлар карантини давлат инспекторлари бириктирилди. Улар маҳсулотнинг даладан то экспортгача бўлган даврда зарарли организмлардан ҳимоя қилиш тадбирларини самарали олиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 мартдаги “Ўсимликлар карантини бўйича давлат хизмати фаолиятининг самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори асосида бугунги кунда республикамизнинг шаҳар ва туманларида 15 та “Ўсимликлар клиникалари” фаолият юритаётган эди. Ҳозирги вақтда мазкур клиникалар фермерлар, деҳқонлар ва томорқа ер эгаларига ўсимликларга зарар етказувчи зараркунандалар, касалликлар ва бегона ўтларга қарши курашиш бўйича ўз ёрдамларини бериб келмоқда.
Эндиликда, юқорида қайд этилган қарорда кўрсатилган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида мазкур клиникалар сонини янада кўпайтириш ишларини режалаштирмоқдамиз.
Экспортёр ва импортёрларга шароитлар яратиш ва экспортга жўнатиладиган импортдан олиб келинадиган карантин остидаги маҳсулотларни зудлик билан карантин текшируви ва экспертизадан ўтказиш мақсадида инспекциямиз сайёр лаборатория билан таъминланди. Авваллари агроном-инспекторлар карантин тадбирлари давомида шубҳали ҳолатларни кузатса, ўсимликдан намуна олиб, “Ўздавкарантин” лабораториясига юборишар эди, энди сайёр лаборатория жойига бориб, ўсимликни текширувдан ўтказиб, лаборатория хулосасини тақдим этади ва унга асосланиб, қарши кураш тадбирлари олиб борилади.
Соҳа тараққиёти учун бундай имкониятларнинг яратилиши, шунингдек, янги ҳуқуқий ҳужжатларнинг қабул қилиниши ўсимликлар карантини ходимлари зиммасига янада масъулиятли вазифаларни юклайди.
Зеро, карантиндаги зарарли организмларнинг пайдо бўлишининг ва тарқалишининг олдини олиш агроном-инспекторларнинг асосий вазифасидир.
Мардон Джуманиязов,
Қорақалпоғистон Республикаси Ўсимликлар карантини ҳудудий инспекцияси бошлиғи.




