Шу йилнинг сентябрь ойида Таълим инспекцияси томонидан маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари ва уларда тарбияланувчиларнинг ота-оналари орасида сўровнома ўтказилди.
Ўрганишлар жараёнида давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилотлари пандемия шароитига тез мослаша олгани, анъанавий ва масофавий ўқитиш бир хилда ташкил этилаётгани маълум бўлди. Шунингдек, таълим жараёни санитария-эпидемиологик қоидаларга қатъий амал қилган ҳолда ташкил этилмоқда. Жумладан, хусусий боғчаларда болалар касалланиб қолишининг олдини олиш учун ҳар бир гуруҳ кўчада алоҳида сайр қилиши, овқатланиши, турли вақтда ҳовлида ўйинлар ўтказилиши йўлга қўйилган.
Болада ёки унинг оила аъзоларидан бирортасида касаллик аниқланса масофавий ўқитишга ўтилади. Бундан ташқари ота-оналар ўз хоҳишига кўра ҳам фарзандини масофавий ўқитишга ўтказиши мумкин. Масофавий ўқитиш замонавий ахборот технологиялари ёрдамида онлайн ташкил этилади. Махсус электрон платформалар орқали тарбияланувчиларга уйга вазифалар берилиши, уларнинг дарсларни қандай ўзлаштириши назорат қилиб борилмоқда.
— Шу йилнинг 29 мартидан бугунги кунгача мактабгача таълим тизимида масофавий ўқитиш бўйича халқаро платформадан фойдаланиб келинмоқда, — дейди “Орол” давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилоти раҳбари Гўзал Камалова. — Бу йил 15 августдан анъанавий турдаги таълим тарбия ишларини бошладик.
Бугунги кунда ҳар бир давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилотининг ўз олдига қўйган мақсадлари бор. Бу ташкилотларда ҳар бир болага шахс сифатида қаралади. Ўқув дастурлари, лойиҳалар, боланинг гуруҳда ишлаши, танқидий ва креатив фикрлай олиши унинг тажриба ва кўникмаларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Пандемия шароитида билим ва тарбия бериш бўйича ушбу мактабгача таълим ташкилотларининг тажрибаси давлат боғчаларига ҳам жорий этилади. Юртимизда таълим сифатининг ортишига, рақобат муҳитини яратишга хусусий сектор ҳам ёрдам бермоқда.
Жумладан, Қорақалпоғистонда давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилоти тизими энди ривожланмоқда. Сўнгги уч йилда уларнинг сони 6 баробарга ортди. Бугунги кунда республикада 68 та шундай ташкилот рўйхатга олинган бўлиб, уларда 6 мингдан ортиқ бола тарбияланмоқда. Бироқ, бу ҳали етарли даражада деб айта олмаймиз. Тизимни ривожлантириш имкониятлари етарли. Ўтган давр таълим соҳасида инновациялар яратиш ва бу орқали таълим хизматларини рағбатлантиришнинг кенг имкониятлари мавжудлигини кўрсатди. Нодавлат таълим ташкилотлари сони ортган сайин ўзаро рақобат муҳити шаклланмоқда.
Давлат-хусусий шериклик асосидаги мактабгача таълим ташкилотларида пандемия шароити сабабли юзага келган янги таълим усули учун тайёр материаллар, дастурлар йўқ эди. Бироқ, хусусий секторнинг устун томони уларнинг онлайн таълимга тез мослашгани ва ота-оналарнинг ишончига эришгани бўлди. Соҳага татбиқ этилаётган янгиликларнинг барчаси болаларга сифатли билим бериш, уларни ҳар томонлама етук инсон қилиб тарбиялашга қаратилган.
М.Пирназарова,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.




