Элликқалъа туманида 2018 йилда ишга тушган “BOSTON MEGA TEKSTIL” масъулияти чекланган жамияти томонидан жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида 2000 тонна калава ип ва 158 минг метр мато ишлаб чиқарилиб, қиймати 846,5 минг АҚШ долларига тенг маҳсулот экспорт қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 21 декабрь кунги “2017-2019 йилларда тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил қилинган ушбу корхонада йиллик қуввати 5 минг тонна калава ип ва 10 млн. метр жинси матоси ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Мазкур лойиҳа бўйича 7 млн. 227,8 минг АҚШ доллари миқдоридаги банк кредити маблағлари ҳисобидан Германия, Хитой, Япония ва Белгия давлатларидан замонавий йигирув-тўқув ускуналари олиб келиб ўрнатилди ҳамда лойиҳа ишга туширилди, — дейди жамият раҳбари Ж.Жаббаров.
Шунингдек, туманда “Bo’ston cluster” МЧЖга қарашли «Bo`ston optimal tekstil» масъулияти чекланган жамияти йиллик қуввати 5 минг тонна калава ип ва 2000 тонна юмшоқ сочиқ ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга оширмоқда.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.




