Қорақалпоғистон Республикаси фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан куз-қиш мавсумига қизғин ҳозирлик кўриш, корхона, ташкилот ҳамда аҳоли турар жойларида содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинлар, фуқароларнинг ис газидан заҳарланиши ва бошқа ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида махсус техникалар намойиши бўлиб ўтди.
Тадбирнинг очилиш маросимида таъкидланганидек, об-ҳавонинг совиши билан фуқароларнинг иссиқликка бўлган талаб ва эҳтиёжи ортади. Натижада табиий газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши ҳолатлари учрамоқда. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича ўтган йил давомида мана шундай 13 та ҳолат қайд этилиб, 14 нафар фуқаро жабрланди. Шундан 4 нафар фуқаро ҳалок бўлди. Жорий йилнинг 9 ойи давомида эса 4 та ҳолат қайд этилиб, жами 5 нафар фуқаро жабрланди.
Бундан ташқари, мавсум давомида фуқароларнинг табиий ва ис газидан заҳарланиш ҳолатлари учрамоқда. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси бўйича ўтган йил давомида заҳарланиш билан боғлиқ 6 та (Нукус шаҳри 3 та, Қўнғирот, Тахиатош, Хўжайли туманларида 1 тадан) ҳолат қайд этилиб, 22 нафар фуқаро жабрланди, шундан 2 нафари ҳалок бўлди. Жорий йилнинг 9 ойи давомида мана шундай 2 та (Нукус шаҳри ва Қонликўл туманида) ҳолат қайд этилиб, 5 нафар фуқаро жабрланди. Шундан 2 нафари ҳалок бўлди.
Жорий йилнинг ўтган ойлари мобайнида Қорақалпоғистон Республикасида 481та ёнғин содир бўлиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10,9 фоизга камайган. Шунинг натижасида 4 нафар фуқаро тан жароҳатини олган ва 1 нафар фуқаро ҳаётдан кўз юмган.
— Ёнғинларнинг келиб чиқиш сабаблари таҳлил қилинганда аксарияти аҳоли турар жойларида содир бўлган, — дейди Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси оммавий ахборот воситалари ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлик қилиш гуруҳи бошлиғи Айбек Абдираҳманов. — Жумладан, кўпинча фуқароларнинг насоз иситиш печларидан ва электр қурилмаларидан фойдаланганлиги, ёш болаларнинг қаровсиз қолдирганлигидан келиб чиқмоқда.
Тадбир давомида тегишли ташкилот вакиллари ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилиш, қўлбола газ сўриш мосламалари, носоз газ ва электр иситиш жиҳозларидан фойдаланмаслик бўйича фуқароларга тушунчалар беришди.
Д.АБИБУЛЛАЕВ.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.




