Давлатимиз раҳбари бошчилигида мамлакатимизнинг барча ҳудудлари, хусусан, Қорақалпоғистонда ҳам улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда. Айниқса, Мўйноқ туманига алоҳида эътибор қаратилиб, йиллар давомида йиғилиб келган муаммоларни тизимли ҳал этиш, мўйноқликларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш устувор вазифа сифатида белгиланган.
Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси, Марказий Кенгаши, партиянинг Қорақалпоғистон Республика Кенгаши ҳамкорлигида 19-20 ноябрь кунлари Мўйноқ туманида “Мўйноққа ёрдам” хайрия акцияси ўтказилди. Асосий мақсад – аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларга тезкор, самарали ва ҳаётий ечим топишдан иборатдир.
Акциянинг биринчи кунида манзилли тадбир ташкил этилди. Партия Марказий Кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ЎзХДП Қорақалпоғистон Республика Кенгаши масъул ходимлари, Жўқорғи Кенгес ва туман кенгашлари депутатларидан иборат 2 та ишчи гуруҳ шакллантирилди.
Биринчи гуруҳ аъзолари туманидаги кам таъминланган, ногиронлиги бўлган инсонлар, ёлғиз кексалар хонадонларига боришди, уларнинг муаммолари ўрганилди, ечими бўйича кўмак бериш депутатлар томонидан назоратга олинди. Шунингдек, ҳомийларни жалб қилган ҳолда хонадонларга озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечаклар ва ўша хонадон фарзандларига китоблар тўпламлари топширилди.
Иккинчи гуруҳ аъзолари эса тумандаги умумтаълим мактаблари ва мактабгача таълим муассасаларида бўлиб, мактаблар ва мактабгача таълим ташкилотларининг бугунги кундаги аҳволи, уларнинг моддий-техник таъминоти билан танишишди. Аниқланган муаммолар Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлардаги партия гуруҳлари, доимий комиссия йиғилишларида кўриб чиқилади, зарур ҳолларда сессияга киритиш орқали ҳал этиш чоралари кўрилади. Депутатлар ободонлаштириш ишларида қатнашади, туманда партия боғи ташкил этилиб, таълим-тарбия муассасаларига 1000 дан ортиқ китоблар совға қилинди.
Депутатларнинг таъкидлашича, жойида ҳал қилиш имкони бор муаммоларга ўрганишлар жараёнининг ўзида ечим топилса, маълум вақт ва маблағ талаб қиладиган масалалар бир тизимда жамланса – нафақат аҳолининг мурожаатлари, шикоят ва аризалари кескин камаяди, балки ислоҳотларнинг самарадорлиги ҳам ошади, халқимизнинг ўз ҳаётидан рози бўлиб яшашига эришилади. Бунинг учун ҳар бир ҳудуддаги куч-имкониятлар бирлаштирилиши, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва амалда ҳал қилишга сафарбар қилиниши лозим.
Амалий тадбирнинг иккинчи кунида аҳоли учун тиббий кўрик акцияси, меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.
Тиббий кўрикка Нукус шаҳри, туман марказларидан шифокорлар, тиббий техника воситалари, кўчма амбуланс хизматлари жалб қилинди. Малакали тиббий муолажага муҳтож, моддий имконияти чекланган аҳоли вакилларига даволанишлари учун йўлланмалар, мутахассислар томонидан маслаҳатлар берилди.
Шунингдек, Мўйноқ туман марказида меҳнат ярмаркаси ўтказилди. Бандликка кўмаклашиш маркази ҳудуддаги мавжуд бўш иш ўринлари, касаначилик меҳнатини ташкил этиш имконияти бор корхоналар тўғрисида батафсил маълумотлар берди ва ишлаш истагини билдирган аҳоли вакилларига корхона ва ташкилотларга ишлаш учун йўлланмалар берилди.
Тадбирнинг энг муҳим жиҳатларидан яна бири олдиндан мутахассислар билан биргаликда бизнес режалар намуналари тайёрланди ва ушбу бизнес режалар ўз бизнесини бошлашга қизиқиш билдирилган аҳоли вакилларига тақдим этилди. Шунингдек, хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида ўз бизнесини ташкил этиш хоҳиши бор, лекин кредит олиб, ўз тадбиркорлигини бошлаш учун билим ва малакаси етарли бўлмаган ёшлар, хотин-қизлар рўйхати шакллантирилди ва ушбу рўйхат Ёшлар Иттифоқи, “Тадбиркор аёл” уюшмаси, Хотин-қизлар тадбиркорлик марказларига тақдим этилди. Мазкур ташкилотлар томонидан уларни бепул ўқитиш, касбга тайёрлаш ишлари алоҳида режа асосида ташкил этилади.
Куннинг иккинчи ярмида Ёшлар парламенти аъзолари, волонтёрлик гуруҳларини жалб этган ҳолда Мўйноқ туманидаги ижтимоий соҳа ташкилотлари бинолари, тумандаги бўш майдонларни ободонлаштириш мақсадида турли мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтказилди.
Албатта, ушбу амалий тадбир аҳоли муаммоларини тўлиқ қамраб олиш ва тезкорлик билан ҳал қилиш имконини беради. Уйма-уй юриб, ҳар бир хонадон, ҳар бир оила муаммолари ўрганилса, баъзида эътибор марказидан четда қоладиган муаммолар ҳам сув юзига қалқиб чиқади. Энг муҳими, шу тариқа жойлардаги ҳақиқий вазият, ҳаққоний аҳвол ўрганилади. Ортиқча оворагарчиликларсиз у ёки бу масалага дахлдор янги ва қўшимча маълумотларни аниқлаштириб олиш имконияти катта бўлади.Бу ҳудудни ҳар томонлама ривожлантиришга доир таклиф ва тавсияларни жамлашда ҳам катта аҳамиятга эгадир.
ЎзХДП Марказий Кенгаши Ахборот хизмати.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.




