Жўқорғи Кенгес депутатлари билан учрашув


Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида Қорақалпоғистонни 2020-2023 йилларда комплекс ривожлантириш дастурининг бажарилишини таъминлаш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган муҳим вазифаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Унда Олий Мажлис Сенати аъзолари, Жўқорғи Кенгес депутатлари, ҳукумат аъзолари тегишли вазирликлар раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.

Мажлисни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси М.Камалов бошқариб борди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ­Раиси Т.Норбоева давлатимиз раҳбари томонидан 2 октябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари сессиясида ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг ҳаёт даражасини яхшилаш бўйича белгилаб берилган вазифаларга тўхталиб ўтди.

Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасини 2020-2023 йилларда комплекс ривожлантириш дастури ишлаб чиқилди. Ҳар бир шаҳар ва туманнинг ўзига хос “ўсиш нуқта”лари белгиланди ва тегишли масъуллар бириктирилди. Бу ишларни янгича ташкил этиш ва назорат қилиш бўйича Олий Мажлис Сенатида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш, аҳолининг ҳаёт даражасини яхшилаш ва даромадларини ошириш бўйича янги қўмита ташкил этилди. Ўзбекистон ­Республикаси Президенти ­Ш.Мирзиёев раҳбарлигида 10 ­ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида ­дастурда белгиланган вазифаларнинг ижросини тизимли ташкил этиш масалалари кўриб чиқилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев дастур бўйича амалга ошириладиган лойиҳалар хусусида тўхталиб ўтди.

Таъкидланганидек, 2020-2022 йилларда Республикамизда умумий баҳоси 12 триллион 300 миллиард сўм бўлган 1 минг 359 инвестициявий лойиҳа амалга оширилади. Шундан 523 миллион долларлик тўғридан-тўғри чет эл инвестициялари ўзлаштирилиб, ­деярли 20 минг янги иш ўрни яратилади.

Шундан сўнг, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раислари Д.Қурбаниязов, Ш.Атаниязов, А.Данияров ва З.Реймовалар белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида сифатли бажарилишини таъминлаш бўйича ҳар бир депутатнинг туман ва шаҳарларга бириктирилганлигини, бундай эзгу ишларни амалга оширишда депутатлар фаоллик кўрсатишларини қайд этишди.

Мажлисда шунингдек, Сенат аъзолари ва Жўқорғи Кенгес депутатлари сўзга чиқиб, жойларда лойиҳаларни амалга ошириш борасида учраёт­ган муаммолар ва уларнинг ечими бўйича ўзларининг фикр ­мулоҳазаларини билдиришди.