Қорақалпоқ тили байрамига бағишланди


Шу йилнинг 1 декабрь куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида “Давлат тили тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикаси қонуни қабул қилинганлигининг 31 йиллигига бағишланган “Тарихимсан, тақдиримсан, келажагим она тилим!” мавзусида тантанали тадбир бўлиб ўтди.

Дастлаб Ўзбекистон ва ­Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари ­янгради.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Давлетов сўзга чиқиб, йиғилганларни 1 декабрь — “Давлат тили тўғрисида”ги Қорақалпоғистон Республикаси қонуни қабул қилинганлигининг 31 йиллик байрами билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва  Вазирлар Кенгаши номидан самимий муборакбод этди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан юртимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, соҳалардаги ислоҳотларни чуқурлаштириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Барчамизга маълум, тил – бу халқнинг тарихи, маданий мероси, турмуш тарзи, урф-одат ва анъаналарини ўзида мужассам этган бебаҳо хазинадир.

Мана, сўнгги 4 йил ичида ­юртимизда она тилимизни ­асраб-авайлаш, уни янада бойитишга давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилмоқда.

Бунга мисол тариқасида қорақалпоқ тилида янги дарсликлар, қўлланмалар, бадиий китоблар, монографияларнинг ­нашрдан чиқарилаётгани, она тилимизни ривожлантиришга бағишланган илмий анжуманлар ва бошқа тадбирларнинг ташкил этилаётгани, Ибройим Юсупов номидаги қорақалпоқ тили ва адабиёти фанини чуқур ўргатишга ихтисослашган ижод мактабининг очилганини қайд этиш мумкин. Шунингдек, Хитой ва Қозоғистон давлатлари билан бир қатор халқаро лойиҳалар асосида ишлар йўлга қўйилгани, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, шунинг­дек, шаҳар ва туман ҳокимларининг давлат тилига оид қонун ҳужжатларига риоя қилинишини таъминлаш масалалари бўйича маслаҳатчиси лавозимининг жорий этилиши, муқаддас китобимиз – Қуръон маъноларининг ва бошқа бир қатор диний китобларнинг қорақалпоқ тилидаги таржималари нашр этилгани, она тилимизнинг соф­лигини сақлашда муҳим ўрин тутадиган лотин имлосидаги “Қорақалпоқ тилининг орфографик луғати” чоп этилиш арафасида тургани – буларнинг барчаси она тилимизга бўлган юксак эътибор ва ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз, яқиндагина Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Президиуми томонидан “Қорақалпоқ тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва ўрнини янада ошириш чоралари тўғрисида”ги махсус қарори қабул қилинди.

 Мазкур қарор асосида Қорақалпоғистон Республикаси ­Вазирлар Кенгаши ҳузурида Давлат тилини ривожлантириш департаментини ташкил этиш, «Давлат тили тўғрисида»ги Қорақалпоғис­тон Республикаси қонунининг янги таҳрирдаги ­лойиҳасини ишлаб чиқиш, илмий асосланган янги сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритиш бўйича Атамалар комиссиясини ташкил этиш, давлат тилини ривожлантириш бўйича дастурлар ва “Йўл харита”ларини ишлаб чиқиш, «Қорақалпоқ тили байрами куни»ни нишонлаш бўйича ишларни мувофиқлаштириш, шунингдек, 2021-2030 йилларда қорақалпоқ тилини ривожлантириш ҳамда тил сиёсатини такомиллаштириш концепцияси ва давлат дастурини ишлаб чиқиш сингари бир қатор устувор вазифалар белгилаб олинди.

Албатта, ташкил этилаётган ушбу департамент она тилимизни янада ривожлантириш, унинг нуфузини янада ошириш, ёш авлодни ватанпарварлик, миллий қадриятларимизга садоқат руҳида тарбиялашда муҳим ўрин эгаллайди.

Ҳозирги глобаллашув ва ахборот даврида тилни тоза сақлаш ва уни келажак авлодга соф ҳолича етказиб бериш барчамизнинг муқаддас вазифамиздир. Албатта, бундай масъулиятли вазифани чуқур англаган ҳолда ёшларимизни она тилимизга, миллий қадриятларимизга ҳурмат ва садоқат руҳида тарбиялаш барчамиздан фидойиликни талаб этади. 

Тадбирда олий таълим муассасалари ҳамда умумтаълим мактабларининг бир гуруҳ қорақалпоқ тили ва адабиёти фани ўқитувчиларига эсдалик совғалари топширилди.

Мукофотланганлар номидан  Хўжайли туманидаги 29-умумтаълим мактабининг қорақалпоқ тили ва адабиёти фани ўқитувчиси, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикалари халқ таълими аълочиси Гавхар Ембергенова сўзга чиқиб,  она тилимизни тоза сақлаш, уни ривожлантириш борасида амалга оширилаёт­ган ишларга тўхталиб ўтди. Қорақалпоғистон халқ ­шоири Кенгесбай Каримов она тилига бағишланган шеърини ўқиди.  

Тадбирда санъат усталарининг концерт дастури намойиш этилди.

Д.АБИБУЛЛАЕВ,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.