Шу йилнинг 2 октябрь куни ўтказилган Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг навбатдан ташқари сессиясида давлатимиз раҳбари томонидан Қорақалпоғистон Республикасини
2020-2023 йилларда комплекс ривожлантириш, аҳолининг ҳаёт даражасини яхшилаш бўйича вазифалар белгилаб берилган эди. Бугунги кунда бу борадаги ишлар бошлаб юборилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов Чимбой туманида амалга оширилаётган бир қатор йирик лойиҳалар билан танишди. Туманда агросаноат комплексини ривожлантириш бўйича умумий баҳоси 31,5 миллиард сўмлик 17 та лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Шулардан бири «Тазғара» овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги қишлоқ хўжалиги комплекси қурилишидир. Бунинг учун овул фуқаролар йиғини ҳудудидан қаровсиз қолган 15 гектар ер майдони ажратилди. Умумий баҳоси 16 миллиард сўм бўлган лойиҳанинг дастлабки босқичида гидропоника усулида Жанубий Корея технологияси асосида 4 гектарда иссиқхона қурилади. Кейинги йилда яна 4 гектарда иссиқхона ишга туширилади. Бу ерда етиштирилган маҳсулотлар ички бозоримизни таъминлаш билан бир қаторда хорижий давлатларга ҳам экспорт қилинади. Шунингдек, 100 тонна маҳсулот сақланадиган музлаткич қурилади. Шу куни қишлоқ хўжалиги комплекси қурилишини амалга оширадиган тадбиркорларга сертификатлар топширилиб, тамал тоши қўйилди.
Тумандаги яна бир йирик лойиҳалардан бири – Чимбой чорвачилик комплекси қурилишидир. Келгуси йилнинг май ойида ишга туширилиши режалаштирилган комплексда наслли қорамол ва қўйлар боқилади. Жумладан, Германия ва Нидерландия давлатларидан 100 бош наслли қорамол келтирилади. Етиштирилган чорвачилик маҳсулотлари шу ернинг ўзида қайта ишланади. Чорва моллари учун аралаш озуқа ишлаб чиқариш цехи ташкил этилади. Лойиҳанинг дастлабки босқичида 50 кишининг бандлиги таъминланади. Республикамиз раҳбари лойиҳа билан танишиб, тадбиркорлар билан суҳбатлашди.
Шу куни Тахтакўпир туманидаги “Қоракўлчилик” илмий наслчилик тажриба станциясининг янги биноси фойдаланишга топширилди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов тажриба станциясидаги шароитлар билан яқиндан танишди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 7 ноябрдаги “Қорақалпоғистон Республикасида чорвачилик тармоқларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида ташкил этилган ушбу станциянинг асосий вазифаси юқори наслли қорақалпоқ сури қоракўл қўйларининг отарларини илмий асосда кўпайтириш, наслчилик ва сунъий уруғлантириш ишларини тизимли равишда ташкил этиш, жаҳон бозорида рақобатбардош қоракўл терисини етиштиришдан иборат. Шунингдек, станция томонидан ҳосилдор қоракўл қўй ва қўчқорлар аҳолига, фермер ва деҳқон хўжаликларига етказиб берилади.
Станциянинг қурилиш ишлари қисқа муддатда сифатли якунланди. Бу ерда маъмурий бино, меҳмонхона, ўқув хонаси, қўйларни сунъий қочириш пункти ва лаборатория ишга туширилди. Наслчилик тажриба станцияси учун 1056 бош наслли қорақўй олиб келинди. Бугунги кунда қорақалпоқ сури жаҳон бозорида юқори баҳоланади. Янгидан ташкил этилаётган илмий наслчилик тажриба станцияси қорақалпоқ камари қоракўл қўйларининг бош сонини ошириш, ички бозоримизни қоракўл терилари билан таъминлаш ҳамда келажакда чет давлатларга экспорт қилиш имконини беради.
Республикамиз раҳбари қишловдаги чорвадорлардан хабар олди. Уларга озиқ овқат маҳсулотлари, иссиқ кийим-кечаклар топширилди.
Тахтакўпир тумани Маданият саройида ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов Президентимиз раҳбарлигида юртимизда, жумладан, республикамизда иқтидорли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларга ҳар томонлама шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида батафсил тўхталиб ўтди.
Тадбирда ёшлар ўзларининг фикр-таклифларини, муаммоларини билдирди.
— Туманимизда асаларичиликни ривожлантириш орқали 50 ёшни доимий иш билан таъминлаш бўйича таклифимни билдирдим, — дейди Расул Ўтемуратов. — Менинг ушбу таклифим қўллаб-қувватланиб, субсидия ажратиладиган бўлди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.




