Ўзбекистон Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашининг фермер ва ҳазрати деҳқонларга, азиз нуронийларга, маҳалла фуқаролар йиғинлари раҳбарлари ва фаолларига, барча ватандошларимизга йўллаган мурожаати Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши томонидан ҳам қўллаб-қувватланмоқда.
Хусусан, мурожаат мазмун-моҳияти ва аҳамиятини кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида «Пахта йиғим-терим мавсумида фаол қатнашайлик!» шиори остида бир қатор маданий тадбирлар ўтказилмоқда. Партия ташаббуси билан тузилган республика маданият ходимлари, таниқли ёзувчи-шоирлар таркибидаги гуруҳ Шўманай тумани «Деҳқонобод», Қонликўл тумани «Бескўпир» ва Қораўзак тумани «Бердақ» ОФЙларида бўлишди. Санъаткорлар концерт намойиш этиб, пахтакорлар кайфиятини кўтарди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 28 февралдаги «Пахта хом ашёси ва бошоқли дон етиштиришни молиялаштириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қишлоқ хўжалигида молиялаштириш ва ўзаро ҳисоб-китоб механизмларини тубдан такомиллаштириш, шу асосда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштирувчилар ва уларга хизмат кўрсатувчи корхоналарнинг молиявий-иқтисодий аҳволини яхшилаш, рентабеллигини оширишга хизмат қилмоқда. Пахта йиғим-терим ишларига 18 ёшга тўлмаган ёшлар, корхона ва муассаса ходимлари мажбурий жалб этилмаслиги, терилган пахта учун тегишли меҳнат ҳақи берилиши, меҳнат унумдорлигини ошириш мақсадида бевосита далада шароитлар яратилганлиги пахткорларга, ўз хоҳиши билан борган ёрдамчиларга куч-ғайрат бағишламоқда.
— Мақсадимиз теримда қатнашаётган инсонларни маданий-маърифий қўллаб-қувватлашдир, — дейди Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раисининг ўринбосари Нокисбай аниев. — Бу билан, пахтани қисқа фурсатда йиғиб-териб олишга ҳисса қўшамиз.
Тадбирда илғор теримчиларга партия фаоллари томонидан совғалар тақдим этилди.
Д.АБИБУЛЛАЕВ,
Қорақалпоғистон хабар агентлиги мухбири.



