Йил якунланиб янги йилга қадам қўйилар экан, албатта ўтган йил сарҳисоб қилинади. Биз ҳам ўтган йил давомида амалга оширган ишларимизни таҳлил қилар эканмиз, ёнғин, газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши, табиий ва ис газидан заҳарланиш ҳамда бошқа нохуш ҳолатлар содир бўлишининг олдини олиш борасида туманда кенг кўламли ишлар амалга оширилганига гувоҳ бўламиз.
Ўтган йилнинг ноябрь-декабрь ойларидан бугунги кунга қадар туман ҳудудидаги корхона, ташкилот ва аҳоли турар жойларида содир бўлиши мумкин бўлган нохуш ҳолатларнинг олдини олиш бўйича тузилган 4-та секторлар кесимида тегишли мутахассислардан иборат гуруҳлар томонидан 37 та овул ва маҳалла фуқаролар йиғинларида 128 маротаба рейдлар ўтказилди.
Ўтказилган рейдлар давомида туман ҳудудидаги 8412 та уйлар, 72 та кўп қаватли уйлардаги 1218 та хонадонлар текширилиб, аниқланган жами 1731 та камчиликнинг аксарияти жойида бартараф қилинди.
Шунингдек, маҳаллалардаги боқувчисини йўқотган, спиртли ичимликларга ружу қўйган, ёлғиз яшовчи қария ва ногиронлар ҳамда руҳий касалликлар диспансерлари рўйхатида турувчи фуқароларнинг яшаш жойларига алоҳида эътибор қаратилиб, 50 тасида профилактик тушунтириш ишлари олиб борилди.
Шу билан бир қаторда, туман ҳудудидаги 90 та давлат тасарруфидаги объектларда текширувлар ҳамда 32 та тадбиркорлик субъектида фавқулодда ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан тушунтириш ишлари ўтказилиб, профилактик тадбирларда жами 293 та камчиликлар аниқланиб, шулардан 161 тасининг бартараф этилишига эришилди.
Текширувлар давомида ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузаётган, ёнғин содир бўлишига олиб келиши мумкин бўлган 34 та ҳолатда электр ускуналари, мослама ва агрегатлардан фойдаланиш тақиқланди ва 6 та бино ва иншоотларнинг иш фаолияти вақтинчалик тўхтатилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида маҳаллаларда 12 маротаба муҳокамалар ўтказилди.
Профилактик тадбирларни самарали ташкил этиш, олиб борилаётган ишлар ҳамда ёнғин ва бошқа хавфсизлик талабларига риоя этилишини кенг оммага етказиш мақсадида туман ФВБ ходимлари томонидан маҳаллий телеканал орқали репортаж ва фавқулодда ҳолатлар ва фуқароларнинг ис газидан заҳарланишининг олдини олиш мавзусида ҳар куни 4 маротабадан ведио роликлар шунингдек аҳоли оммабоп томоша вақтларда “101 огохлантиради” деган мавзуда эълонлар намойиш қилинмоқда.
Туман Халқ таълими бўлимига қарашли 66 та ўрта таълим мактабларига ва 1 та махсус мактаб интернати, 33 та ДМТТ ҳамда тиббиёт бирлашмасига қарашли 16 та даволаш муассасаларига ёнғин хавфсизлиги бурчаклари ўрнатилишига эришилди.
Шунингдек, тадбир давомида аҳолига 15000 нусхада чоп қилинган эслатма ва буклетлар тарқатилди. Тумандаги Тўрткўл шох бекати, “Тўрткўл савдо комплекси” МЧЖ буюм бозори ва “Тўрткўл эл ризқ” МЧЖ деҳқон бозори ҳудудида шунингдек, туманнинг қатнов гавжум бўлган марказий Самарқанд, Устозлар ва Беруний кўчаларига банерлар ўрнатилди.
Тунда инсонлар қоладиган масканларда турли хилдаги кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида туман ФВБларда тунги гуруҳлар ташкил этилиб, ушбу гуруҳлар томонидан Ўрта махсус касб-ҳунар таълими бошқармаси тасарруфидаги объектлар, Халқ таълими, Соғлиқни сақлаш соҳалари ва бошқа турдаги 11 та объектларнинг ёнғинга қарши ҳолати текширувдан ўтказилиб, аниқланган камчиликларни жойида бартараф этиш чоралари кўрилди.
Куз-қиш мавсуми даврида туманимиз ҳудудида содир бўлиши мумкин бўлган ёнғин ва бошқа нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ФВБнинг Ёнғин қутқарув қисми мавжуд куч ва воситалари билан доимо жанговар ва шай ҳолатдадир.
Б.КУРБАНБАЕВ,
Тўрткўл тумани
фавқулодда вазиятлар бўлими ходими, катта сержант.



