Ижтимоий тармоқлардаги қатор муаммоли видеолавҳалар орқали танилган Чимбой туманидаги “Қизилўзак” овул фуқаролар йиғинида бугунги кунда беш ярим мингга яқин аҳоли ҳамжиҳатликда яшаб келмоқда. Туман ҳокимлиги томонидан мазкур овул аҳолисининг турмуш шароити инобатга олиниб “Обод қишлоқ” Давлат дастурига киритилди.
— Ҳудуд марказига 8 км. узоқликдан мактабга ўқишга қатнайдиган “Тўпе” овули болалари учун йўловчи ташувчи автотранспорт қатнови йўлга қўйилган бўлса, 11 нафар фуқаронинг бандлиги таъминланди, — дейди фуқаролар йиғини раиси И.Қайпназаров. — Шунингдек, “Бўлис” овули аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлаш мақсадида туман сув тармоқлари ходимлари томонидан хонадонларга ичимлик суви қувурлари тортилмоқда. Ҳудуддаги қишлоқ врачлик пунктида ҳам йирик таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.
Дарҳақиқат, “Обод қишлоқ” Давлат дастури доирасида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар аҳоли фаровонлигига, ҳудуд ободлигига хизмат қилиши шубхасиз.
