Шўманой туманида “Шўманой ёшлари форуми” доирасида сектор
раҳбарлари ва ёшлар учрашуви бўлиб ўтди.
Бугунги кунда мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг лойиҳа ва ташаббусларини амалга ошириш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун етарлича шарт-шароитларни яратиб бериш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Айниқса, юртимизда жорий йилнинг «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» деб белгиланиши ёшлар имкониятларини янада кенгайтирди.
Туман ҳокимлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими томонидан ташкил этилган тадбирда туман ҳокими Б.Янгибаев, халқ қабулхонаси, сектор, муассаса ва ташкилотлар раҳбарлари ҳамда ёшлар иштирок этди.
Тадбирда ёшларнинг фикр-таклифлари тингланди.
Шунингдек, имтиёзли кредит ҳисобидан ўз тадбиркорлигини бошламоқчи бўлган 9 нафар ёшларга юк ташувчи енгил мотоцикльлар, 5 нафарига тикув машиналари ҳамда 2 нафарига қишлоқ хўжалиги ускуналари топширилди.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, бугунги кунда тумандаги кўпгина ишсиз ёшлар ва хотин-қизлар ўз тадбиркорлигини бошлаш мақсадида туман банкларига ҳужжатларини топширган. Айни дамда бу борада амалий чоралар кўрилмоқда.
А.ОРАЗОВ,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.




