ТАРАҚҚИЁТНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСИ


Конституция олий юридик кучга эга бўлган ҳуқуқий ҳужжатдир. Унинг асосида бошқа қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинади.

Маълумки, Конституция қабул қилиниши билан жамият ва давлат ҳаётининг барча соҳаларидаги муносабатларни, миллий қонунчиликнинг барча соҳаларини тартибга солувчи аниқ ҳуқуқий тизим яратилади. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси 6 бўлим, 26 боб, 121 моддадан иборат.

Жумладан, Конституциямизда Қорақалпоғистон Республикаси ўзининг қонун билан тасдиқланган давлат рамзлари – байроғи, герби ва мадҳиясига эга эканлиги кўрсатилган.

Шунингдек, бозор муносабатларига асосланган жамиятнинг иқтисодий негизи бўлган хусусий мулк, эркин тадбиркорлик каби инс­титутлар мустаҳкам ҳуқуқий асосга эга бўлди.

Хабарингиз бор, кейинги йилларда мамлакатимизда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Давлат ва жамият ривожланиши, суд ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар натижасида Конституциямизга 1994, 1995, 1997, 2003, 2014, 2019 (29-июнь ва 16-декабрда) ва 2021 йил 12 февраль куни ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилди.  

Бу йил юртимизда улкан сиёсий жараёнлардан бири Президент сайлови бўлиб ўтади.

Шу йилда сайлов қонунчилигига киритилган ўзгартиришга асосан эндиликда сайловлар октябрь ойининг учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади.

Ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролар сайлов ҳуқуқига эга бўлиб, сайловларни ташкил қилиш ва ўтказиш тартиби Сайлов кодекси билан тартибга солинади.

Бугунги кунда биз конституциявий нормаларнинг амалда ижросини таъминлашга, халқимизнинг турмуш тарзини яхшилашга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинаётганлигининг гувоҳи бўлмоқдамиз.

Ушбу ҳуқуқий ҳужжатларнинг, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг асоси албатта Конституциядир. У 2017-2021 йилларда Ўзбекис­тон Республикасини ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегия­сида ҳам ўз аксини топган.

Жорий йилнинг ўзида (йил бошидан 7 апрель куни ҳолатига) 400 дан ортиқ ҳуқуқий ҳужжатлар, яъни 21 та қонун, Шаҳарсозлик кодекси, 360 та қарор, жумладан Президентимизнинг 70 та қарори, 26 та фармонлари ва Вазирлар Маҳкамасининг 125 та қарори ҳамда бошқа ҳужжатлар (Қонун ҳужжатлари маълумотлар миллий базаси – Lex.uz сайтига жойлаштирилган маълумотлар асосида) қабул қилинган.

Президентимиз томонидан 2020 йилнинг 11 ноябрь куни қабул қилинган «2020-2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори Қорақалпоғистон халқини жуда хурсанд қилди.

Сабаби, унда, ҳаётимизнинг барча соҳаларида амалга ошириладиган, хусусан инженерлик-коммуникация, ижтимоий инфратузилма, саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, хизмат кўрсатиш кўламини ошириш, шароити оғир бўлган 45 та маҳалла ва овулда халқнинг турмуш шароитини яхшилаш, фуқароларни иш билан таъминлаш, ёшлар учун шароитлар яратиш, аёлларнинг жамиятдаги ролини ошириш каби масалалар қамраб олинган.

Энг аҳамиятлиси Президентимизнинг мазкур қарорида кўрсатилган ҳар бир банд назоратга олиниб, ижроси таъминланмоқда.

Хусусан, дастурга киритилган 1359 та инвестиция лойиҳасидан 734 (54 фоиз)и ишга туширилиб, 4535 янги иш ўрни яратилди. 2021 йилнинг охирига қадар 711 та лойиҳа ишга туширилиб, 22 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.

Қорақалпоғистон Республикасида шароити оғир тоифадаги 45 та маҳаллада 302 оила “Темир дафтар”га, 3261 хотин-қизлар “Аёллар дафтари”га, 3 минг 464 ёш “Ёшлар дафтари”га киритилган.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки,  Президентимизнинг фармони билан Адлия вазирлигида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини назорат қилиш бошқармаси ташкил этилди.

Шунингдек, жорий йилнинг 5 апрель куни Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ўзбекистон давлат консерваториясининг Нукус филиали ташкил этилмоқда.

Маълумки, Қорақалпоғистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Конституциялари ва қонунларининг сўзсиз устунлиги тан олинади.

Хулоса ўрнида шуни айтиб ўтишимиз керакки, қонун устуворлигини, қонунчилик ҳужжатларида кўрсатилган нормаларнинг сўзсиз ижросини таъминлаш ҳар биримизнинг асосий вазифамиз бўлиши лозим.

Сайлаубай Мамбеткадыров,

Қорақалпоғистон Республикаси адлия вазири.