Шу йилнинг 9 апрель куни Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 28 йиллигига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Жўқорғи Кенгес депутатлари, вазирликлар, ташкилот ва корхоналар, таълим муассасалари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари раҳбарлари, талаба-ёшлар, жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Йиғилишни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов кириш сўзи билан очди ва йиғилганларни Қорақалпоғистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 28 йиллик байрами билан табриклади.
Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Республикаларининг давлат мадҳиялари янгради.
Шундан сўнг Қорақалпоғистон Республикаси Конституциявий назорат қўмитаси раиси П.Айтниязов маъруза қилди.
Таъкидланганидек, Конституция ҳар бир давлат ва халқнинг орзу-мақсадлари, маънавий, ижтимоий онг ва маданиятини ҳар томонлама акс эттирувчи қонундир. 1993 йил 9 апрель куни қабул қилинган Конституциямиз янги давлат, янги жамият қуриш, янгидан-янги имкониятлар яратиб берувчи тарихий ҳужжат сифатида устувордир. Унинг қабул қилиниши билан давлат ва жамият қурилишининг барча соҳаларидаги муносабатлар, қонунчиликнинг барча соҳаларини тартибга солувчи ҳуқуқий тизим яратилди.
Қорақалпоғистон Республикаси ўзининг қонун билан мустаҳкамланган давлат рамзлари-байроғи, герби ва мадҳиясига эга. Инсон манфаатларини таъминлаш, халқ билан мулоқот қилиш, истак ва таклифларини эътиборга олишда уларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи Конституцияда кафолатланганлиги билан аҳамиятлидир.
Тадбир санъат усталарининг “Иқболим, бахтим — Конституциям!”мавзусидаги концерт дастури билан якунланди.
Тантанали тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев қатнашди.
Д.Абибуллаев,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.




