ТУМАН АҲОЛИСИ УЧУН ҚЎШАЛОҚ БАЙРАМ


Бугунги кунда “Халқимиз давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган тамойил ҳар бир раҳбар фаолиятида дастуриламал бўлмоқда. Аҳолини ҳаётидан рози қилиш, муаммоларига ечим топиш, қонуний манфаатларини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Аҳолининг давлат хизматларига бўлган эҳтиёжини қаноатлантириш, уларга тез ва сифатли хизмат кўрсатиш, узоғини яқин, оғрини енгил қилиш мақсадида Шўманой туманида Давлат хизматлари марказининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Давлетов, Давлат хизматлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси бошлиғи К.Артиков, туман ҳокими Б.Янгибаевлар сўзга чиқиб,  давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан аҳолига давлат хизматларини кўрсатишни такомиллаштириш, соҳанинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, ходимларга ҳамда ташриф буюрувчиларга янада қулайлик яратиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар хусусида тўхталиб ўтишди.

Таъкидланганидек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш ва давлат хизматларини кўрсатишда бюрократизм, сансалорлик ва бошқа маъмурий тўсиқларнинг бартараф этилаётгани, эскирган, замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомилларнинг тубдан қисқартирилаётгани аҳолининг турмуш тарзини яхшилаш, юртимизда инвестиция муҳити ва бизнесни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

 Марказнинг аввалги биносида аҳолининг мурожаатларини тез ва осон ҳал қилишнинг имконияти деярли йўқ эди. Эски бинода айниқса, кексалар, болали аёллар, имконияти чекланган фуқаролар учун шароитлар мавжуд эмасди.

Маълумки, ҳар қандай бино ва иншоотнинг қурилишида унинг меъморий ечими муҳим аҳамият касб этади.  Шўманой тумани Давлат хизматлари маркази қурилишида ҳам бунга алоҳида эътибор қаратилган. Қурилиш ишлари “ҚАЛБАҚ ҚУРИЛИШ” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилди. Янги бино замонавий ахборот технологиялари воситалари билан жиҳозланган бўлиб, эндиликда марказга ташриф буюрувчиларга кенг, ёруғ ва шинам хоналарда, қулай шароитда давлат хизматлари кўрсатилади. 

— Туманимизда бугунги кунда 60 минг нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади, — дейди Шўманой тумани Давлат хизматлари маркази директори Ахат Галиакберов.  —Марказимизда йил бошидан буён 11 мингдан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди. Очиғи, марказнинг эски биноси бироз тор бўлиб, фуқароларни қабул қилиш ва уларга хизмат кўрсатишда айрим ноқулайликлар туғдирар эди. Бундан ўзимиз ҳам ҳижолат тортар эдик. Мана бугун ҳар томонлама қулайликларга эга бўлган кўркам бинога эга бўлдик. Бундан ниҳоятда хурсандмиз.  

Марказда аҳолига бир вақтнинг ўзида 150 га яқин тезкор, қулай, шаффоф давлат хизматларидан фойдаланиш имконияти яратилган. Электрон навбат олиш учун инфокиоск, 10 та қабул дарчаси, кутиш жойлари, мўъжазгина кутубхона, болалар майдончаси, буфет, туман адлия бўлими, инвесторлар учун алоҳида хона, банк шохобчаси ташкил этилди. Электрон навбат тизими 4 та мониторда акс этиб туради.

Шунингдек, марказ биносида Бош вазир қабулхонаси ва туман ФҲДЁ бўлими ҳам жойлашган.

Шу куни туман марказидан 25 километр олисда жойлашган “Қарабайли” овул фуқаролар йиғинида Давлат хизматлари маркази филиалининг фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу фуқаролар йиғинига яқин атрофдаги “Бегжап”  ва “Бирлешик” овулларидаги 16 минг нафарга яқин фуқаролар эндиликда Давлат хизматларидан фойдаланиш учун анча йўл босиб, туман марказига боришга ҳожат қолмади. Ушбу ҳудуд аҳолисига янада қулайлик яратиш, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш, уларнинг вақтини ва нақдини тежаш мақсадида ташкил этилган мазкур филиал эндиликда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари учун хизмат кўрсатади.

Давлат хизматлари соҳасида яратиб берилаётган бу каби шароитлар одамларнинг вақтини тежаш билан бирга, давлат хизматларидан тезкор ва қулай фойдаланиш имконини беради.

Сайёра БЕКМУРАТОВА,

Давлат хизматлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси ходими.