Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 24 март куни ўтказилган «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари доирасида жорий йилда амалга оширилган ишларнинг муҳокамасига бағишланган видеоселекторда сектор раҳбарлари ўз ҳудудларида амалга оширилаётган ишлар бўйича муҳаллий кенгашларда ҳамда ОАВ орқали халқга ҳисобот бериши зарурлиги таъкидланган эди.
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йилдаги фармони билан тасдиқланган «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари асосида ҳудудларнинг йўл транспорт инфратузилмаси, муҳандислик коммуникация тармоқлари ва ижтимоий соҳа объектларини ривожлантириш, шу асосда халқнинг фаровонлиги ва турмуш даражасини янада яхшилаш мақсадида республикамизда кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Қорақалпоғистон Республикаси Прокуратураси томонидан ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, олиб борилаётган ишлар назоратга олинган.
Амударё туманидаги «Хитой» овул ва «Жумуртоғ» посёлка фуқаролар йиғинларида дастур асосида жами 21 млрд. 840 млн. сўмлик ишларни бажариш режалаштирилган. Жумладан, 5 та умумтаълим мактаби, 1 та мактабгача таълим ташкилоти, 2 та маҳалла фуқаролар йиғини биноси, 9,4 километр ички йўлларини таъминлаш, 7,4 километр электр тармоғи, 2 трансформатор ҳамда 77 та таянч устуни, 4 та ичимлик сувини тозалаш объекти, 9 та алоқа тармоғи, 3,1 километр ирригация объектларини реконструкциялаш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш белгиланган.
Тумандаги «Хитой» овулида 613 хонадонда, 3506 аҳоли яшайди. Ушбу ҳудудда жами 13 млрд. 442 млн. сўмлик ишларнинг бажарилиши режалаштирилган.
Бугунги кунда овул фуқаролар йиғини биносини таъмирлаш ишлари бошлаб юборилди. Шунингдек, аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, электр таъминоти, ички йўллар, пиёдалар ўтиш йўллари, ижтимоий соҳа объектларини реконструкция қилиш, йўл бўйларига тунги ёритгичларни ўрнатиш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Дастур доирасида ажратилган маблағларнинг мақсадсиз сарфланиши, қурилиш– таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларининг сифатсиз бажарилиши каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида, қишлоқ ҳудудида прокуратура ишчи гуруҳи штаби ташкил этилди.
Шунингдек, Чимбой туманидаги «Қизилўзак» овул ва «Ўржап» маҳалла фуқаролар йиғинларида ободонлаштириш ҳамда қурилиш ишлари олиб борилмоқда.
1800 га яқин аҳоли яшайдиган бу ҳудудларда, 3 та ижтимоий объектда 2 млрд, 575 млн. сўмлик реконструкция ишлари, фуқаролар йиғинларининг маъмурий биноларида деярли 550 млн. сўмлик қурилиш таъмирлаш ишларини амалга ошириш белгиланган. Дастур асосида 21,4 километр ичимлик суви тармоғини тортиш, 3,1 км. электр линияларини модернизациялаш, янги трансформатор ўрнатиш, 2 км. табиий газ тармоғини, 28,5 км. ички автомобиль йўлини таъмирлаш ва ободонлаштириш, 240 та турар жойнинг сиртқи фасадини яхшилаш каби ишлар амалга оширилади. Бу ерда ҳам прокуратура томонидан махсус штаб ташкил этилган бўлиб, қурилиш ишлари доимий назоратга олинган.
Ҳудудларда ободонлаштириш ишлари билан бирга, кўкаламзорлаштириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. «Қизилўзак» овул фуқаролар йиғинида 300 га яқин дарахт кўчатлари экилди. Айни кунларда ички йўлларга шағал ва асфалт ётқизилиб тартибга келтирилмоқда. Фуқаролар йиғини биноларида ҳам таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Қишлоқ жойларига инфратузилма борсагина, у ерларнинг турмуш шароити тубдан ўзгариб, тадбиркорлик ривожланади.
Бу йилги «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастуридаги ишлар янгича ёндашув асосида амалга оширилмоқда. Бундан кўзланган асосий мақсад қишлоқларимизнинг янада обод ва кўркам бўлишини таъминлашдир.
Д.АБИБУЛЛАЕВ.



