Ўтган шанба куни атоқли давлат ва жамоат арбоби Оллоёр Қораз ўғли Дўстназаров таваллудининг 125 йиллигига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди. Дастлаб тадбир иштирокчилари Нукус шаҳридаги О.Дўстназаров бюстига гулчамбар қўйишди.
Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов, Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев иштирок этиб, қаҳрамон хотирасига ҳурмат бажо келтиришди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутатлари, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, хорижий меҳмонлар, олимлар, ижодкорлар О.Дўстназаровнинг яқинлари, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди.
Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида «О.Дўстназаров ва Қорақалпоғистоннинг янги тарихи» мавзусида республика илмий назарий конференцияси бўлиб ўтди. Конференция қатнашувчилари дастлаб О.Дўстназаров ҳаёти, унинг она Ватани ва халқи учун қилган хизматларга бағишланган фильмни томоша қилишди.
Тадбирни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Давлетов бошқариб борди.
Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими Раиси Н.Айимбетов «Оллоёр юртнинг ардоқли ўғлони», «Қорақалпоқ адабиёти» газетаси Бош муҳаррири, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси Г.Аннақиличева «Оллоёр Дўстназаровнинг ҳаёти–ватанпарлик ва фидойилик тимсоли», Тарих фанлари доктори, профессор М.Қўшанов «Оллоёр Дўстназаровнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида янги манбалар», Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоқ гуманитар фанлар институти тарих бўлими бошлиғи, тарих фанлари номзоди А.Джумашев «Қорақалпоқ автоном областининг ташкил этилишида Оллоёр Дўстназаровнинг роли», Бердақ номидаги ҚДУ қошидаги «Қатағон қурбонларини хотирлаш» музейининг директори, тарих фанлари номзоди А.Кудияров «Оллоёр Дўстназаровнинг қатағон қилиниши ва оқланиши» мавзуларида маъруза қилишди.
Шундан сўнг Қозоғистон Республикаси Атираў шаҳридаги «Едил жайық» Қорақалпоқ миллий маданий маркази бирлашмаси бошлиғи Ж.Пишенбоев, Ақтаў шаҳридаги «Аллаяр жолы» қорақалпоқ миллий маданий маркази бошлиғи ўринбосари К.Таўмуратов, Олмаота шаҳридаги «Ёмиў жағасы» Қорақалпоқ этномаданий маркази аъзоси Г.Бегимова сўзга чиқиб, бобомиз ҳурматига ўтказилаётган анжуманга таклиф этилгани учун миннатдорлик билдиришди.
Шунингдек, таниқли олим, тарих фанлари номзоди Б.Алланиязов, «СЁният» журнали Бош муҳаррири, Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси А.Султонов О.Дўстназаровнинг халқимиз учун қилган меҳнатларини кенг тарғиб қилиш борасида олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтган бўлса, Қорақалпоғистон халқ шоири Х.Давлетназаров бобомизга бағишланган шеърини ўқиди.
Оллоёр Дўстназаровнинг яқинлари номидан невараси Б.Алламбергенов конференция ташкилотчиларига миннатдорчилик билдирди. Таъкидланганидек, Президентимиз ўтган йили 31-август куни «Қатағон қурбонлари музейи»га ташрифи чоғида нуронийлар, уламо ва зиёлилар билан учрашувида «Бу инсонлар ҳақиқий етакчилар, илғор зиёлилар, адабиёт, маданият намояндалари, бошқача айтганда, миллатимизнинг, халқимизнинг энг сара вакиллари эди. Тасаввур қилинг, агар улар қатағон қилинмаганида Ватанимиз ривожи учун, илм-фан, иқтисодиёт, маданият ва адабиётимиз учун қандай буюк ишлар қилган бўлар эди»,–деб уларнинг меҳнатига юқори баҳо берган эди. Ҳақиқатан ҳам 1937-1953 йилларда юртимизда юз минг одам қатағон қурбонига айланган бўлса, биргина ўтган асрнинг 37-38 йилларида катта қатағон даврида етти мингга яқин ҳамюртимиз қурбон бўлди. Тоталитар тузум даврида юртимиздаги минглаган бегуноҳ инсонларнинг «Халқ душмани» сифатида ноҳақ жазолангани, қанчадан-қанча оилаларнинг вайрон бўлгани, болаларнинг етим қолгани ҳеч кимга сир эмас. Мана шундай ноҳақ жазоланганлардан бири Оллоёр Дўстназаров эди.
Ҳақиқатдан ҳам Оллоёр Дўстназаров ўзининг қисқа умри давомида чуқур билим ва тажрибаси, етук ташкилотчилик қобилияти, ватанпарварлиги билан жамоатчилик орасида кенг танилиб обрў-эътиборга эга бўлди. Айниқса, унинг Қорақалпоғистон автоном областини ташкил этишдаги алоҳида хизматлари, халқимизнинг миллий ўзига хослигини аниқлаш, миллий давлат чегараларини белгилашдаги жонкуярлиги, шунингдек маънавиятимиз ва маданиятимизни ривожлантириш йўлидаги фидойи меҳнатлари билан қанча ғурурлансак арзийди.
О.Дўстназаровнинг хотирасини абадийлаштириш, унинг халқимиз учун қилган меҳнатларини кенг тарғиб қилиш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг 2019 йил 28 ноябрдаги йиғилиши баёни билан бир қатор эзгу ишлар амалга оширилди. Жумладан, ўтган йили Нукус шаҳрида унинг бюсти очилиши, Қорақалпоқ фильм киностудияси томонидан унинг ҳаёти ва ижодига бағишланган фильм суратга олинаётгани, ўзбек ва қорақалпоқ тилларида янги китоблар нашр этилаётгани, илмий назарий конференциялар ташкил этилаётгани буюк бобомизга катта ҳурмат ва эҳтиромнинг ёрқин ифодасидир.
Яна бир аҳамиятли томони бир гуруҳ ватандошларимиз шу йил Хотира ва қадрлаш куни арафасида Россия Федерацияси Карелия Республикаси Кемь шаҳрида бўлиб, бобомизнинг қабрини зиёрат қилиб қайтди.
Тадбирда О.Дўстназаровнинг ҳаёти ва юртимиз келажаги учун қилган хизматларини чуқур ўрганиш, уни кенг тарғиб қилиш бўйича таклифлар билдирилди.
Д.АБИБУЛЛАЕВ.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.




