Республикамизда «Бошқарув органлари, фавқулодда вазиятлар давлат тузилмалари, ҳудудий ва функционал қуйи таркибларининг Тожикистон Республикаси ҳудудида жойлашган Сарез кўли тўғонининг ўпирилиши оқибатида юзага келган фавқулодда вазиятларда аҳоли ва ҳудудларни муҳофаза қилиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатлари» мавзусида ҳамкорликдаги ўқув машқлари ўтказилди.
Нукус Олимпия заҳиралари коллежида тадбирнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев, Қорақалпоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи А.Давлетов ўтказилаётган ўқув машқларининг мақсад ва вазифалари хусусида тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, мазкур ўқув машқларининг мақсади, Сарез кўли тўғонининг ёрилиши хавфи туғилганда ёки содир бўлганда табиий, техноген хусусиятли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, оқибатларини бартараф этишда фавқулодда вазиятлар давлат тузилмаси ҳудудий қуйи таркиблари, бошқарув органлари, куч ва воситаларининг тайёргарлик даражасини синовдан ўтказиш, ҳамкорликдаги ҳаракатларини такомиллаштиришдан иборат. Шунингдек, алоқа ва марказлаштирилган автоматлаштирилган хабар бериш тизимларининг ахборотни аҳоли ва раҳбарлар таркибига ишончли етказилишини амалда синовдан ўтказиш, ҳудудий бошқарув органлари, фавқулодда вазиятлар давлат тузилмаси хизматларининг фавқулодда вазиятлар оқибатларини бартараф этиш бўйича ҳамкорликдаги ҳаракатлар режаларига аниқликлар киритиш мақсад қилинган. Бу каби машғулотлар натижасида мавжуд куч ва воситаларни тақсимлаш бўйича ҳаракатларни текшириш, ҳудудлардан аҳолини эвакуация қилиш, кўчирилганлар учун ҳаётий шароитларни яратиш, вайрон бўлган ҳудудда мухандислик-коммуникация инфратузилма тизимларини тиклашга тайёргарлик даражаси синовдан ўтказилади.
Тадбир иштирокчилари ўқув машқларининг Нукус олимпия заҳиралари коллежи ҳудудидаги дала майдонида жойлашган асосий Ҳаракатланиш бошқариш пунктида яратилган шароитлар билан танишди.
Шундан сўнг, «арбий» давлат унитар корхонасида «Табиий ва техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар содир бўлганида объектларнинг раҳбарлар таркиби ва фуқаро муҳофазаси тузилмаларининг ҳамда шаҳар фавқулодда вазиятлар давлат тизими хизматлари билан ҳамкорликдаги ҳаракатлари» мавзусида махсус-тактик ўқув машқи ўтказилди.
Уч кун давом этган тадбир доирасида Беруний туманида Амударё қирғоқларини мустаҳкамлаш, Хўжайли тумани «Саманкўл» овул фуқаролар йиғинида кўчириладиган аҳолини йиғиш, «Хўжайли» темир йўл бекатида аҳолини ва моддий бойликларни темир йўл ёрдамида кўчириш, Хўжайли тумани марказий ўйингоҳида кўчиб келган аҳолини қабул қилиш, Нукус шаҳридаги «Аччиқ кўл» ҳудудида сув тошқини сабабли юзага келган талофат оқибатлари, юзага келган санитария-эпидемиологик ҳолатларни бартараф этиш, қидирув-қутқарув ва тиклаш ишларини амалга ошириш, юқумли касалликларнинг олдини олиш, жабрланганларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ҳамда “Тахиатош нефт база” давлат корхонасида махсус-тактик ўқув машқлари ўтказилди.
Д.Абибуллаев.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.




