Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида жорий йил 24 октябрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови жараёни ташкилотчиларининг сайлов қонунчилиги юзасидан малакасини ошириш бўйича ҳудудий тренерларни тайёрлаш бўйича семинар-тренинглар ўтказилди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Давлетов, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари М.Ходжиматов сўзга чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик бўйича ўтказилаётган ҳудудий семинар-тренингларнинг мақсади, сиёсий жараёнга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш борасидаги муҳим вазифалар хусусида тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови илк маротаба янги Сайлов кодексига мувофиқ бўлиб ўтади. Бўлажак сайловни уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ҳамда олий ўқув юртлари билан ҳамкорликда ҳудудий тренерларни тайёрлаш бўйича семинар тренинглар ташкил этилмоқда.
Тадбир иштирокчилари Қорақалпоқ давлат университетида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 34-сайлов участкаси фаолияти билан танишди. Бу ерда сайловга тайёргарлик борасида қилинаётган ишлар юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.
– Семинар-тренинглар мамлакатимиздаги олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари ҳамда сайловларни ўтказиш бўйича етарли тажрибага эга бўлган давлат органлари мутахассислари томонидан олиб борилади, – дейди Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасининг Божхона институти доценти, юридик фанлар доктори Онгарбой Утегенов. – Улар томонидан бўлажак сайловларнинг ҳуқуқий асослари, сўнгги ўзгаришлар ва келгусидаги режалар бўйича машғулотлар ўтказилади. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси бўйича 118 нафар тренер тайёрланади.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.



