Президент табриги битирувчиларга куч бағишлади


Президентимизнинг мамлакатимиз мактабларини битирувчи ўғил-қизларга йўллаган табриги битирувчи ёшлар билан бир қаторда таълим тизимида фаолият юритаётган ўқитувчи-устозларни ҳам руҳлантирди.

Ўқувчилик йилларини ортда қолдириб, қадрдон мактаби, меҳрибон устозлари билан хайрлашиб, ҳаётнинг янги, янада масъулиятли босқичига қадам қўяётган битирувчи-ёшлар табрикда давлатимиз раҳбарининг оталарча ғамхўрлигини, эътиборини чин дилдан ҳис қилгани айни ҳақиқат.

Табрикда таъкидланганидек, «Қалби пок, орзу-умидлар билан тўлган сизлар каби навқирон, азму шижоатли ёшларимиз тимсолида биз учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган таълим-тарбия соҳасидаги саъй-ҳаракатларимизнинг яна бир амалий натижасини, халқимиз ва Ватанимиз келажагини кўрамиз».

Мамлакатимизнинг барча умумтаълим мактаблари қатори “сўнгги қўнғироқ” тадбирлари Нукус шаҳридаги 1-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабимизда ҳам кўтаринки кайфиятда ўтказилди.

Бугунги кунда мактабимизда таълим-тарбия олаётган 1665 нафар ўқувчи-ёшлардан 77 нафари 11-синфни битирмоқда. Эътиборлиси, улардан 8 нафари олтин медал билан тугатмоқда. Ўқувчи-ёшларнинг чуқур билим эгаллаб, етук, баркамол инсонлар бўлиб тарбияланишида албатта мактабимизда фаолият юритаётган 124 нафар ўқитувчи-устозларнинг ўрни алоҳида.

Мактабимиз асосан, инглиз ҳамда немис тилларига ихтисослаштирилганлиги туфайли ўқувчилар билан бир қаторда ўқитувчиларимиз ҳам мамлакат ҳамда хорижий давлатларда ўтказилаётган танловларда, мусобақаларда, конференция ва малака ошириш курсларида юксак муваффақиятларга эришиб, ўз билимларини мустаҳкамлаб келмоқда.

Жумладан, жорий ўқув йилида мактаб битирувчиси Г.Жанабаева фан олимпиадасининг мамлакат босқичида муваффақиятли иштирок этди. А.Ембергенов чет тили билим даражасини аниқлаш тестида иштирок этиб, В2 даражасидаги сертификатга эга бўлди. А.Джуманазарова муддатидан олдин Сингапур давлат университетига қабул қилинди. Бу каби ютуқларимиз жуда кўп. 

Мактабимизда ёшларга умумтаълим фанларини пухта ўргатиш баробарида ҳар жиҳатдан етук, жисмонан баркамол, юксак маънавиятли ва кенг тафаккур эгалари этиб тарбиялаш мақсадида маънавий-маърифий тадбирлар, спорт мусобақалари, мусиқа ва санъат йўналишидаги фестиваллар ва албатта,  давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус ижросига  алоҳида эътибор қаратилмоқда. 

Юксак ишонч билан шуни алоҳида таъкидлайманки, мактабимиз битирувчилари албатта, келгусида юртимиз равнақига ўз ҳиссаларини қўшади.

Нуржамал Бадирова,

Нукус шаҳридаги 1-сонли ихтисослаштирилган  давлат умумтаълим мактабининг ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари.