Муаммолар қандай ҳал этилмоқда?


Қўнғирот тумани марказида жойлашган “Қўнғирот” маҳалла фуқаролар йиғинида бугунги кунда 2836 нафар аҳоли истиқомат қилади.

Эътиборлиси, бу ерда “Аёллар дафтари”, “Темир дафтар” ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилганларга амалий ёрдамлар кўрсатилиб, бандлиги таъминланмоқда. Хусусан, сектор раҳбарлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғини ҳузурида ташкил этилган аёллар маслаҳат кенгаши комиссияси томонидан “Аёллар дафтари”га киритилган Ж.Ержанованинг доимий бандлиги таъминланган бўлса, Б.Батирова ҳамда К.Махаметниязоваларга тижорат банкларидан имтиёзли кредит олишларида амалий ёрдам кўрсатилди. Шунингдек, айрим хотин-қизларга паррандачилик билан шуғулланишлари учун товуқ берилди.

— Ҳудудда истиқомат қилувчи биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган эр-хотиннинг оилавий шароити ўрганилиб, уларнинг хонадони ҳомийлар томонидан таъмирлаб берилмоқда, — дейди маҳалла фуқаролар йиғини раиси в.в.б. Маряш Уразалиева.

Шунингдек, “Гулабад” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Г.Халқназаровага нонвойхона ташкил қилиши учун тижорат банкдан имтиёзли кредит ажратиб берилди.

Бу каби хайрли ишлар аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим омил бўлмоқда.