Нукус шаҳридаги И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейи майдонида «Янги Ўзбекистон ёшлари, бирлашайлик!» шиори остидаги ёшлар фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори А.Саъдуллаев сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор хусусида тўхталиб ўтди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз йиллигига бағишлаб ўтказилаётган тадбирнинг асосий мақсади, ёшларни жисмонан соғлом, маънавий етук инсонлар этиб тарбиялаш, уларнинг илмий ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқаришга кўмаклашиш ҳамда мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга фаол жалб қилишдан иборат.
Шу йилнинг 7 июнь куни бошланган фестиваль республикамизнинг барча шаҳар ва туманларида давом этди. Жумладан, фестиваль доирасида ҳудудларда ҳарбий ватанпарварлик кўргазмалари, «Сектор раҳбари ва ёшлар», «Қувноқлар ва зукколар», «Бизнес марафон», «Спорт ва ёшлар», «Ёшлар веломарафони», «Эко марафон», «Ёш китобхон оила», «Соғлом ҳаёт сари 5000 қадам», «Муваффақиятга эришиш сирлари», «Беш ташаббус – беш имконият» ва бошқа бир қатор маданий-маърифий тадбирлар, учрашувлар ва спорт мусобақалари ўтказилди.
Фестивалнинг очилиш тантанаси юртимиздаги таниқли санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг гала-концерти билан давом этди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.



