Шу йилнинг 8 июнь куни Президентимиз раҳбарлигида қишлоқ хўжалиги ва тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда озиқ-овқат маҳсулотлари ҳажмини кўпайтириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида Сурхондарё вилоятида бошланган ёшларга ер бериш тажрибасини мамлакатимизда кенг жорий этиш масаласи таъкидланган эди.
Бу эса аҳоли, айниқса, ёшларимизни иш билан банд қилиш ва даромад топиш имконини беради. Бунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони муҳим аҳамият касб этмоқда.
Тахтакўпир туманидаги Ағитай Адилов овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Атабай Мухтар” фермер хўжалигида ғалладан бўшаган ерларни ишсиз ёшларга бўлиб бериш, ундан самарали фойдаланишга бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.
Унда сектор раҳбарлари, овул фуқаролар йиғинлари, фермерлар, қишлоқ хўжалиги ходимлари қатнашди.
Таъкидланганидек, туманда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”га киритилган 772 нафар фуқаронинг бандлигини таъминлаш мақсадида уларга ғалладан бўшаган 389 гектар ер майдони ажратиб берилди. Мазкур майдонларга мош, кунжут, шоли ва бошқа экинларини экиш режалаштирилган. Қайта экиладиган майдонларга тез пишадиган ва сув кам сарфланадиган экинларни кўпроқ экиш бўйича мутахассисларнинг фикр-таклифлари тингланди.
Мана шундай семинар Қораўзак тумани Бердақ овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Қораўзакли Батирбай” фермер хўжалигида ҳам бўлиб ўтди.
Тадбирда сўзга чиққанлар ғалладан бўшаган ер майдонларини ишсиз фуқароларга бўлиб бериш ва ундан фойдаланиш тартиби тўғрисида атрофлича тушунчалар берди. Жумладан, туман бўйича бўшаган майдонларга такрорий экин экиш учун 2872 гектар ер тайёрланди. Шундан 430,8 гектар ер майдони ишсиз ёшлар учун ажратилиб, унга полиз ва дуккакли экинлар экиш режалаштирилмоқда.
Тахтакўпир ва Қораўзак туманларида бўлиб ўтган кўргазмали семинарларда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов иштирок этди.
* * *
Мана шундай тадбир Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев иштирокида Тахиатош тумани “Найманкўл” овул фуқаролар йиғинидаги “Мадад-Ботир” фермер хўжалигида ҳам бўлиб ўтди.
Тадбирда ғалладан бўшаган ер майдонларини қайта экиш, агротехник тадбирларни ўтказиш, ресурсларни ўз вақтида етказиш, ердан самарали фойдаланиш, аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжини қаноатлантириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш борасида сўз юритилди.
Тадбирда Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев ер берилаётган ёшлар билан суҳбатлашиб, уларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглади. Шунингдек, яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиб, ердан мўл ҳосил олиш ҳамда бу борадаги имтиёзлар хусусида ўз тавсияларини билдирди.
Тадбирда 9 гектар ер майдони “Ёшлар дафтари”га киритилган 40 нафар ёшларга ажратиб берилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси Қ.Сариев Хўжайли тумани “Саманкўл” овул фуқаролар йиғини ҳудудидаги “Жанабай Жаўлан” фермер хўжалигида ўтказилган кўргазмали семинарда ҳам иштирок этди.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги



