Сўнгги йилларда оммавий ахборот воситаларининг жамият ҳаётидаги ўрни ва ролини ошириш, уларнинг моддий-техник базаси, кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, соҳа ходимларининг меҳнатини ҳар томонлама рағбатлантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган байрам табригида “Бугунги кунда барча даражадаги бошқарув идоралари раҳбарларининг оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар билан мунтазам учрашиб, жамият ҳаётига дахлдор муҳим масалаларни эркин мулоқот асосида кенг муҳокама этиши яхши анъанага айланиб бормоқда. Биз бундай ёндашувни Ўзбекистонда олиб борилаётган очиқлик, ошкоралик ва демократик сиёсатнинг энг муҳим йўналишларидан бири деб биламиз ҳамда миллий манфаатларимизга жавоб берадиган бу йўлни қатъий давом эттирамиз,” дея таъкидлади.
Дарҳақиқат, юртимиз тараққиётига ўзини дахлдор ҳисоблайдиган матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари касб байрамларини муносиб нишонладилар.
Байрам муносабати билан пойтахтимиздаги С.Хўжаниязов номидаги Қорақалпоқ давлат Ёш томошабинлар театрида республикамизда фаолият кўрсатиб келаётган ОАВ вакиллари журналист ва блогерлар, матбаа ва ноширлик соҳаси ходимлари, меҳнат фахрийлари, бир қатор давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбарлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида тантанали тадбир бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси қўмита раиси Д.Қурбаниязов Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгашининг матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Бундан сўнг, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси ўринбосари А.Давлетов кўп йиллардан буён самарали меҳнат қилиб келаётган бир гуруҳ соҳа фидойиларига “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” унвони, “Ўатан пидайысы” кўкрак нишонлари ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғаларини тантанали равишда топширди.
Мукофотланганлар сафида ўтган йили пандемия даврида бевақт вафот этган касбдошларимиз Қорақалпоғистон телерадиокомпаниясининг собиқ директори марҳум Бахитбек Елманов ҳамда “Жеткиншек” газетасининг собиқ бош муҳаррири Абдулла Ембергеновларнинг ҳам “Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган журналист” унвони билан тақдирланиши юксак инсонийликнинг ёрқин ифодасидир.
Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи А.Бекмуратов сўзга чиқиб, тадбир иштирокчиларини касб байрами билан табриклади. Жорий йилда ўзларининг шонли саналарини нишонлаётган “Қарақалпақстан жаслары”, Беруний туманининг “Халқ минбари”, Қораўзак туманининг “Мийнет байрағы”, Қонликўл туманининг “Қанлыкөл хабарлары” газетаси таҳририятлари ва бир қатор соҳа фидойиларига Бошқарманинг фахрий ёрлиқлари ва қимматбаҳо совғаларини тақдим этди.
Тадбирда республикамизнинг бир қатор вазирлик ва идоралари томонидан соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотларни тарғиб этишдаги фаоллиги учун бир гуруҳ журналист ва блогерларга Ташаккурнома ва байрам совғалари топширилди.
— Менинг камтарона меҳнатларимни эътиборга олиб, “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” унвони билан тақдирлагани учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва соҳа раҳбарларига ўзимнинг чексиз миннатдорлигимни билдираман, — дейди “ТахтакҚпир та¦ы” газетаси муҳаррири Гулнара Даўлетмуратова.
Тадбир республика санъат усталарининг концерт дастури билан давом этди.
А.ОРАЗОВ,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.



