Ватанимизнинг юксак мукофотлари топширилди


Юртимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, халқимизнинг маънавиятини ривожлантириш, иқтисодий қудратини юксалтириш, тинчлигини асраш, халқимизнинг фаровон турмушини таъминлашдаги алоҳида хизматлари, жамоат ишларида фаол иштироки учун бир гуруҳ ватандошларимиз Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллик байрами арафасида Президентимизнинг фармонларига биноан фахрий унвонлар, орден ва медаллар, шунингдек, “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишонлари билан тақдирланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида ушбу мукофотларни топшириш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов йиғилганларни энг улуғ, энг азиз байрамимиз, юртимиз мустақиллигининг 30 йиллик байрами билан муборакбод этди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда Президентимиз томонидан ҳаётимизнинг барча жабҳаларида кенг кўламли ислоҳотлар, яратувчанлик ишлари амалга оширилмоқда. Буни Қорақалпоғистон Республикаси мисолида ҳам кўришимиз мумкин. Бу каби эзгу мақсадларни амалга оширишда фаоллик кўрсатган, мустақиллигимизни янада мустаҳкамлашга катта ҳиссасини қўшиб келаётган ватандошларимизнинг меҳнати юксак эътироф этилмоқда.

Тадбирда давлат мукофотлари – фахрий унвонлар, орден ва медаллар, эсдалик нишонлари ўз эгаларига тантанали равишда топширилди.

-Дарҳақиқат, бугунги кунда юртимизда барча соҳаларда, шу жумладан, таълим тизимида ҳам кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, -дейди Қорақалпоғистон Республикаси юридик техникуми директорининг биринчи ўринбосари, “Дўстлик” ордени соҳиби А.Жанибекова. –Айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида етук кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Менинг камтарона меҳнатимни юксак баҳолагани учун Президентимиздан чексиз миннатдорман.

Мукофотланганлар  алоҳида эътибори учун давлатимиз раҳбарига чексиз миннатдорчилик билдирди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.