Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссиясида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссияси раиси У.Жалменов амалга оширилаётган ишлар юзасидан оммавий ахборот воситалари вакилларига ахборот берди.
Хусусан, ўтган йиғилишда муҳокама этилган масалалар, сайловга тайёргарлик бўйича округ сайлов комиссиялари ҳамда участка сайлов комиссиялари олдида турган вазифалар белгилаб олингани таъкидланди.
Марказий сайлов комиссиясининг йиғилишида ОАВ вакилларини аккредитациядан ўтказиш масаласи ҳам муҳокама этилганлиги, унда 45 та маҳаллий оммавий ахборот воситасининг жами 172 нафар вакили аккредитациядан ўтказилгани маълум қилинди.
Эндиликда аккредитациядан ўтказилган маҳаллий ОАВ вакиллари жами 1253 нафар, шундан 50 нафари Қорақалпоғистон Республикасида фаолият олиб бораётган ОАВ вакилларидир.
Шунингдек, бу борада мурожаат қилган 21 нафар маҳаллий журналистнинг ҳужжатлари Марказий сайлов комиссиясига тақдим қилинди ва тегишли тартибда ўрганиб чиқилмоқда. Хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари эса 48 нафарни ташкил этмоқда.
Тадбирда журналистлар сайловларни ёритишга оид саволларига атрофлича жавоб олди.
Д.Абибуллаев.



