Беруний туманида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ўзбекистон ёш фермерлар Кенгаши ташаббуси билан мамлакатимизда илк маротаба “Агро марафон” ташкил этилди.
Республикамизда фаолият кўрсатаётган энг илғор фермерлар иштирокидаги ушбу марафон ўзаро тажриба алмашиш, замонавий технологиялар, инновацион ишланмаларни жалб этиш, жаҳон бозорига чиқиш учун йўлланма вазифасини ўтайди.
Тадбир иштирокчилари учун Беруний туманидаги “Кашфиётчи ёшлар” масъулияти чекланган жамиятига қарашли гидропоника иссиқхонасига агро саёҳат ташкил этилди. Учрашув доирасида ёш агротадбиркорлар томонидан бизнес режаларни тайёрлаш ҳамда қишлоқ хўжалигида ўз фаолиятларини бошлаш учун нималар қилиш кераклиги ҳақида тушунчалар берилди.
Марафон иштирокчилари агротадбиркорлик ҳамда бизнес бўйича юқори билим, кўникма ҳамда тажрибага эга бўлган мутахассислардан керакли маълумот ва тавсияларни олишга муваффақ бўлишди.
