Жорий йил 10 ноябрь куни Ажиниёз номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида тиббиёт ходимлари кунига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг қўмита раиси Д.Қурбаниязов Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар Кенгашининг тиббиёт соҳаси ходимларига йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди.
Таъкидланганидек, Президентимиз томонидан соҳага оид бир қатор муҳим фармон ва қарорларнинг қабул қилингани бугунги ҳаётимизда ўзига хос ўзгаришлар ва янгиланишларга мустаҳкам асос бўлмоқда.
Ҳозирги вақтда соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштириш, тиббий хизматнинг самарадорлигини ошириш, соҳада хусусий секторни ривожлантириш, аҳолига сифатли дори-дармонларни етказиб бериш йўналишидаги ишлар сифат жиҳатидан юқори босқичларга кўтарилмоқда.
Соғлиқни сақлаш тизимидаги ислоҳотларнинг натижаларига бағишланган видеоселектор мажлисида Президентимиз “Халқ тиббиёт соҳасига қанчалик ишонса, давлатга ҳам шунчалик ишонади. Халқ кўрсатилаётган тиббий хизматлардан рози бўлса — давлатдан, бугунги юритилаётган сиёсатдан ҳам рози бўлади”, деган теран мазмунли фикрни алоҳида таъкидлаб ўтди.
Халқимиз саломатлигини сақлашдаги, тиббиёт соҳасидаги фидокорона хизматлари, ёш кадрларни ўз касбига садоқат руҳида тарбиялашдаги самарали меҳнатлари ҳамда жамоат ишларидаги фаоллиги учун бир гуруҳ соҳа ходимлари касб байрами арафасида давлат мукофотлари билан тақдирланган эди. Тадбирда ушбу мукофотлар тантанали равишда топширилди. Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири Д.Ходжиев сўзга чиқиб, Президентимизнинг ташаббуси билан тиббиёт соҳасига қаратилаётган эътибор, амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга тўхтаб ўтди. Қорақалпоғистон Республикаси халқ шоири К.Каримов соғлиқни сақлаш ходимларига бағишланган шеърини ўқиб берди.
— Менинг ярим асрлик меҳнатимни юқори баҳолагани учун чексиз миннатдорман, — дейди Мўйноқ тумани тиббиёт бирлашмасига қарашли 33-сонли қишлоқ оилавий поликлиникаси мудири, Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган соғлиқни сақлаш ходими Балтабай Тлеубергенов. — Оилавий поликлиникамиз туманнинг чекка «Мадели» ва «Бўзатов» овул фуқаролар йиғинлари ҳудудида яшовчи 6 мингга яқин аҳолига тиббий хизмат кўрсатиб келмоқда. Ўтган йил поликлиникамизга «Тез ёрдам» автомашинасининг берилиши, жорий йили 400 миллион сўмлик реконструкция ишларининг олиб борилгани соҳага қаратилаётган алоҳида эътибордан далолатдир. Шу каби эътибор ва ғамхўрлик натижасида ҳудудимизда сўнгги йиллари болалар ўлими ҳолати қайд қилинмади.
Тантанали йиғилиш республикамиз санъат усталарининг концерт дастури билан якунланди.
Д.АБИБУЛЛАЕВ,
Қорақалпоғистон хабар агентлиги мухбири.



