Адлия вазирлиги томонидан амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди


Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигида шу йилнинг ўтган 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар якунига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, ўтган даврда вазирлик, шаҳар ва туман Адлия бўлимлари томонидан жисмоний ва юридик шахслардан 3477 та мурожаат келиб тушган бўлиб, судларга 5 миллиард 897 миллион сўмлик даво аризаси киритилган. Қонунчилик ҳужжатларининг тўғри бажарилиши ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти бўйича 960 муассасада ўрганиш ва мониторинг ўтказилиб, 103 минг 788 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.

Шунингдек, муассаса ва ташкилотларга жами 622 та таклиф киритилиб, шу асосда давлат органларининг 147 та қарори бекор қилинган, 245 шахсга нисбатан интизомий жазо чораси қўлланилган. 166 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилган. Таклифларга биноан фуқароларга 2 миллиард 506 миллион 849 минг сўм пул маблағлари қайтарилди. Жиноят ишини қўзғатиш ­бўйича тегишли ташкилотларга 4 таклиф юборилиб, тегишли тартибда 1192 огоҳлантириш киритилди.

Бугунги кунда республикамизда 1 та давлат, 54 та хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус аҳолига ҳуқуқий хизмат кўрсатиб келмоқда. Улар томонидан ҳисобот даврида 137 минг 263 нотариал хизмат кўрсатилди.

Ўтган 9 ой давомида 78 юридик хизмат ходимлари лавозимига ҳужжат келиб тушган бўлиб, шундан 66 нафар ходим суҳбатдан ўтказилди ҳамда лавозимга тайинланди. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 108 та қарор лойиҳаси ҳуқуқий экспертизадан ўтказилиб, давлат ҳисобига олиниши таъминланди.

Ҳуқуқни қўллаш амалиёти соҳасида 444 та муассасада 991дан зиёд норматив-ҳуқуқий ҳужжат таҳлил қилинганда, 651 та қонунбузилиш ҳолати аниқланган. Амалдаги қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича 331 таклиф берилди.

Вазирлик, шаҳар ва туман Адлия бўлимлари томонидан 9552 ҳуқуқий тарғибот тадбирлари олиб борилди. Шунингдек, “Адлия сайли”, “Биз биргамиз”, “ Street law”, “Бепул маслаҳат билан ҳар бир уйга” лойиҳаси ўтказилди. Уйма –уй юриш натижасида “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Яқинда бўлиб ўтган Президент сайлови тар­ғиботида  Адлия вазирлиги ходимлари  фаол ­иштирок этишди. Жумладан, участка сайлов ­комиссиялари аъзолари учун семинар-тренинглар олиб боришда 19 нафар ходим тренер сифатида қатнашди.

Тадбир сўнггида ­оммавий ахборот воситалари ходимлари ўзларини қизиқтирган саволларга жавоблар олди.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.