Инсон ҳуқуқлари — энг олий қадрият


Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатимизда энг олий юридик кучга эга бўлган ҳуқуқий ҳужжат бўлиб ҳисобланади.

Конституция аввало давлатимиз мустақиллиги асослари, инсон  ҳуқуқлари ва эркинликларини, жамият ва шахс, давлат тузилиши асосларини белгилайди.

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларининг устунлиги сўзсиз тан олинади, давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади.

Биз бугунги кунда асосий қомусимизнинг ҳар бир моддасида белгилаб берилган нормаларнинг амалда таъминланаётганлигини кўришимиз мумкин.

Инсон ва фуқароларнинг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари тўғрисида сўз юритганимизда, аввало Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида белгилаб берилган ҳар бир ҳуқуқ Конституциямизда ўз аксини топганлигини таъкидлашимиз лозим.

Айниқса, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини қўллаб-қувватлаш борасида жорий йилда ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилди.

“Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони билан Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили – Болалар омбудсмани институти таъсис этилди.

“Ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаоллигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармонига асосан, “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг 18 ёшгача бўлган ҳар бир фарзанди учун 500 минг сўм миқдорида бир марталик моддий ёрдам, ушбу оилаларнинг давлат ОТМларида таълим олаётган фарзандларига 2021/2022 ўқув йилида биринчи ўқув йили учун тўлов-контрактнинг тўлиқ суммаси қоплаб берилиши,  “Темир дафтар” ва “Аёллар дафтари”га киритилган оилалар фарзандлари ҳамда “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшларга янги турмуш қураётганида ўз хонадонида қўшимча уй-жой қуриши учун 33 миллион сўмгача гаровсиз кредит,  ипотека дастури доирасида бошланғич бадал ва фоиз тўловлари бўйича қўшимча 2 мингта ёш оилага уй-жой сотиб олиши учун субсидия ажратилиши, 2021 йил 1 сентябрдан республикадаги ОТМда тўлов-контракт асосида ўқиётган талабалар учун Марказий банкнинг асосий фоиз ставкаси миқдорида ва ўқиш муддати тугагандан кейин еттинчи ойдан бошлаб 7 йил муддатда қайтариш шартлари асосида таълим кредитлари берилиши назарда тутилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 70-75-моддалари бевосита Қорақалпоғистон Республикаси билан муносабатлар, асосий қоидаларни ўзида мужассам этган.

Муҳтарам Президентимизнинг Қорақалпоғистон Республикасига бўлган алоҳида эътибори туфайли жорий йилда бир қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Нукус шаҳрида аҳолининг кўплаб эътирозларига сабаб бўлаётган муаммоларни бартараф этиш, муҳандислик-коммуникация тизимлари ва ижтимоий инфратузилмани янада яхшилаш ҳамда аҳолининг муносиб турмуш шароитини таъминлаш мақсадида 2021 йил 19 апрель куни “2021-2022 йилларда Қорақалпоғистон Республикасининг Нукус шаҳридаги шароити оғир маҳаллаларда ижтимоий-иқтисодий, маиший ва инфратузилма ҳолати билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.

Қарор билан, Нукус шаҳрининг бир қатор маҳаллаларида ўзбошимчалик билан тартибсиз қурилган аҳоли хонадонларига кўчмас мулкларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш жараёнида тўланиши белгиланган бир марталик йиғим ва кадастр паспортини тайёрлаш билан боғлиқ тўловлар Қорақалпоғистон Республикаси маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан қопланишининг белгиланиши ҳам юртдошларимизга кўрсатилаётган ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлашимиз керак, мамлакатимизда амалга оширилаётган ҳар бир ислоҳот Конституциямизда белгиланган қоидалар асосида, энг аввало халқ учун, унинг манфаати учун хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Барча юртдошларимизни, Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги жамоаси номидан Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг 29 йиллик байрами билан самимий муборакбод этамиз.

С.Мамбеткадыров,

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазири.