Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 15-16 ноябрь кунлари Қорақалпоғистонга сафари давомида Нукус шаҳрини кўздан кечириб юриб, ёш келин-куёвнинг тўйига ҳам ташриф буюрган эди. Давлатимиз раҳбари ёш келин-куёвга бахт-саодат ва оиласи мустаҳкам бўлишини тилади. 17 ноябрь куни ёш келин-куёвларга Нукус шаҳрининг энг шинам масканларидан бири “Қумбиз овул” ОФЙ ҳудудида қад ростлаган кўп қаватли уйларнинг биридан Президент совғаси – турар жой совға қилинди.
— Бизнинг никоҳ тўйимиз ҳақиқий бахт тўйига айланди, — дейишади ёш келин-куёв Султан Торенов ва Ҳурлиман Арзиевалар. — Шу куни биз кечқурун бўлиб ўтадиган ёшлар тўйи олдидан Нукус шаҳрининг чиройли жойларини айланиб юргандик. Сайл давомида тамадди қилиш учун кичик бир қаҳвахонага кирдик. Бир пайт биз ўтирган ерга Президент кириб келди ва бизни бахт тўйимиз билан қутлади. У пайтдаги ҳис-ҳаяжонимизни ифода этиш қийин, албатта. Президентимиз тўйимизга совға сифатида уй берди. Бунинг учун давлатимиз раҳбаридан чексиз миннатдормиз. Келгусида ўқишларимизни муваффақиятли тамомлаб, мамлакатимизнинг ривожига ҳисса қўшадиган мутахассис бўлишга ҳаракат қиламиз.
Султан ва Ҳурлиман иккаласи ҳам талаба. Улар Қорақалпоқ давлат университети Технология факультетининг 4-курсида битта гуруҳда таҳсил олишади. Султаннинг ота-онасини уйи Қораўзак туманининг Маданият овул фуқаролар йиғинида, келин Ҳурлиманнинг уйи эса Нукус шаҳрида. Энди, улар шаҳарнинг замонавий гўшасида биргаликда истиқомат қилади.
Шунингдек, шу куни давлат раҳбари ташриф буюрган 8-сонли поликлиникага Президент совғаси — “Спарк” автомашинаси, давлат-хусусий шерикчилик асосида фаолиятини бошлаган “Науше” мактабгача таълим муассасасига болалар ўйинчоқлари тантанали равишда топширилди.
Е.ҚАНОАТОВ,
ЎзА мухбири.
М.ҲАБИБУЛЛАЕВ олган сурат.



