Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг йигирма бешинчи сессияси тўғрисида ахборот


Нукусда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг йигирма бешинчи сессияси бўлиб ўтди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтган сессияда Қорақалпоғистон Республикаси ҳукумати аъзолари, соҳа ва сектор раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Сессияни Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов бошқариб борди.

Депутатлар сессия Котибиятини сайлади ва кун тартибини тасдиқлади.

Сессия кун тартибида Қорақалпоғистон Республикасининг 2022 йилги бюджети тўғрисидаги масала ҳақида Қорақалпоғистон Республикаси Молия вазири М.Содиқов маъруза қилди.

Таъкидланганидек, 2022 йилда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети даромадлари 2 триллион 356 миллиард 196 миллион сўм миқдорида режалаштирилган бўлса,  маҳаллий бюджет харажатлари 3 триллион 874 миллиард 217,6 миллион сўм миқдорида прогноз этилмоқда. Шундан ижтимоий соҳа ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари 2 триллион 586,8 миллиард сўмни ташкил этади. Шу билан бирга, яна бир ўзгариш 2022 йилдан бошлаб фуқароларнинг маҳаллий бюджет жараёнларига янада кенгроқ жалб этилиши бўлиб ҳисобланади. Шунинг учун ҳам, 2022 йил 1 январдан бошлаб шаҳар ва туманлар  маҳаллий бюджетининг тасдиқланган умумий харажатларининг 5 фоизи жамоатчилик фикри асосида шаклланган тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади. Натижада 2022 йил “Очиқ бюджет” ахборот портали орқали жамоатчилик фикри асосида аниқланган тадбирларга йўналтириш учун шаҳар ва туман ҳокимликлари қошидаги Фуқаролар фаол жамғармаларига  98,7 миллиард сўм маблағ ўтказилади.  Бу ўз навбатида қатор муҳим ижтимоий-сиёсий аҳамиятдаги муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади.

Бу масала бўйича Қорақалпоғистон Республикаси давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Х.Бекчанов, Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири М.Қурбанов фикр-мулоҳазалар билдирди. Депутатлар томонидан тегишли қарор қабул қилинди.

Шунинг билан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесининг йигирма бешинчи сессияси ўз ишини якунлади.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги.