Нукус шаҳри фаоллари ва кўчабошилари билан учрашув


Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев аҳолининг муаммоларини ўрганиш ва ҳал қилиш бўйича нав­батдаги вазифаларни белгилаб олиш мақсадида Нукус шаҳар ­фаоллари, нуронийлар ва кўча­бошилари билан учрашди.

Икки кун давом этган ­учрашувда таъкидланганидек, бугунги кунда Президентимиз раҳбарлигида Қорақалпоғис­тон Республикасини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида бир қанча ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Қорақалпоғистон учун алоҳида қарор ва фармонлар, ­давлат дастурлари қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ қилинмоқда.

Жумладан, Президентимизнинг маҳаллалар инфратузилмасини яхшилашга қаратилган 408-сонли, муҳтож оилаларнинг уй-жойларини таъмирлаш, зарурларини янгидан қуриш, умуман аҳолига муносиб турмуш шароитларини яратиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг 52-сонли қарорлари қабул қилинди. Шунингдек, 2023 йилнинг 13 апрелида Президентимизнинг «2023 йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони имзоланди. Мазкур фармон асосида банклар томонидан расмий даромадга эга бўлмаган жисмоний шахслар учун ҳам ипотека кредитлари ажратишга рухсат берилди. Шунингдек, банкларга дастлабки бадал миқдори, имтиёзли давр муддати ва бошқа кўрсаткичлардан келиб чиқиб, кредитлар бўйича табақалаштирилган фоиз ставкаларини ўрнатиш ҳуқуқи берилди. Субсидияга ажратилган маблағларни тезроқ ишлатиш учун, субсидия хабарномасининг амал қилиш муддати 12 ойдан 4 ойга туширилди. Буларнинг барчаси ҳалқимиз ҳаётининг янада фаровон  бўлиши ва аҳолига муносиб турмуш шароитини яратиш учун хизмат қилади.

Учрашувда фуқаролар йиғинлари ҳудудларини обод қилиш бўйича келгусида амалга оширилиши лозим бўлган ишлар  хусусида кўчабошилари ва фаоллар ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб,  Президентимиз раҳбарлигида амалга оширилаётган ишлардан халқимиз чексиз миннатдор эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтишди. Бундан ташқари ҳудудлардаги муаммолар, инфратузилма ва ижтимоий объектлар билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.

Қорақалпоғистон хабар агентлиги.