ТУРКИЯЛИК ИНВЕСТОР БИЛАН УЧРАШУВ


Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси А.Оринбаев Туркиядан ташриф буюрган инвесторни қабул қилди. Туркия мамлакатидаги Артук пудратчи энергетика муҳандислик қурилиш ва ташқи савдо МЧЖ директори Ҳайдар Дердичок ва молия масъули Тамер Акбаир Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси Аманбай Оринбаев қабулида бўлди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси ўринбосари Р.Сапарбаев қатнашди.

Шунингдек,Элликқалъа туман ҳокими С.Авезов, Қорақалпоғистон Республикаси қурилиш вазири А.Қурбанбаев, Ўзбекистон Республикаси марказий банкнинг Қорақалпоғистон Республикаси бош бошқармаси раиси А.Тилеўмуратов, Кадастр агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси раиси И.Тлеуовлар қатнашди.

Қабул жараёнида Элликқалъа тумани Бўстон шаҳрида янгидан фуқаролар истиқомад қиладиган кичик шаҳарча қурилиши лойиҳасини амалга ошириш борасида сўз юритилди.

Таъкидлаш жоизки, инвесторлар томонидан таклиф қилинаётган лойиҳада кўп қаватли уйлардан иборат, янги инфратузилма билан таъминланган кичик шаҳарча қуриш белгиланган. Унда шунингдек, бир қатор ижтимоий объектлар қурилишини амалга ошириш ва келгусида Туркия тажрибаси асосида кўп қаватли уй-жой массивларини барпо этиш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Мазкур йўналишда бир қатор масалалар қараб чиқилди. Шу билан бирга, икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича келишувга эришиш масаласи муҳокама қилинди.

Ўз навбатида Жўқорғи Кенгес раиси элимиздаги бунёдкорлик, ҳудудларнинг инфратузилмаси ва шаҳар қиёфасини яхшилаш, асосийси, фуқароларимизга сифатли хизмат кўрсатувчи объектларнинг қурилиш ишлари ҳар доим қўллаб-қувватланишини билдирди. Шунингдек, янги инвес­тициявий лойиҳалар билан келган инвесторларнинг  ташаббуслари учун барча имкониятлар яратилишини таъкидлаб ўтди.

Шундан сўнг инвесторлар Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Ф.Эрманов билан учрашди.

Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири А.Ўтеулиев қатнашди ҳамда ҳамкорликни йўлга қўйишга оид масалалар атрофида кўриб чиқилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси  матбуот хизмати.